Туркиянинг «Ihlas Holding» компанияси таркибидаги Orta Asya Investment Holding Қирғизистонда қиймати 10 млрд доллар бўлган стратегик энергия лойиҳасига имзо чекди, деб хабар бермоқда TGRT Haber.
Қирғизистон Энергетика вазирлиги билан тузилган келишув икки йирик гидроэлектростанция — Қазарман ва Кокомерен ГЭСлари қурилишини қамраб олади. Умумий қуввати 2217 MWга тенг бўлган иншоотлар «қуриш-бошқариш-топшириш» модели асосида амалга оширилади.
Шартномага кўра, лойиҳа 20 йил давомида давлат томонидан валютa асосида электр энергиясини сотиб олиш кафолати, халқаро арбитраж шартлари, божхона ва солиқ имтиёзлари билан таъминланади.
Лойиҳа илк бор ўтган йили Бишкекда Туркий давлатлар ташкилоти саммитида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров иштирокида йўлга қўйилган эди. Янги имзолар икки мамлакат ҳукуматлари қўлловини яна бир бор тасдиқлади.
Қирғизистон Энергетика вазири Таалайбек Ибраевнинг таъкидлашича, мамлакат олдин катта энергетик қийинчиликларга дуч келган, янги лойиҳа эса янги давр бошланишидан далолат беради. «Ihlas Holding» бошқарув раиси Аҳмад Мужоҳид Ўран эса Туркиянинг 1990-йиллардаги тажрибасига таяниб, Қирғизистонда нафақат станцияларни қуриш, балки замонавий бошқарув тизимини ҳам шакллантириш ниятда эканини билдирди.
Қазарман ва Кокомерен ГЭСлари Қирғизистонни минтақавий энергия коридорларида муҳим ўринга қўяди. Лойиҳа «PowerChina International Group» ва «SemArco LLP» ҳамкорлигида амалга оширилади, молиялаштириш учун халқаро фондлар ва ривожланиш банклари катта қизиқиш билдирган.
Шунингдек, ижтимоий мажбуриятлар доирасида 5 йил мобайнида ҳар ой минг нафар етим болага моддий ёрдам кўрсатиш, аҳолига бепул электр етказиш ва соҳа мутахассисларини тайёрлаш учун академия очиш режалаштирилган.