2020 йил апрел ойида буғдой нархи тоннаси 179,7 доллар атрофида бўлган. 2022 йил апрелида эса пандемия сабабли талаб ўсиши, логистика занжирларида узилишлар ва Россия–Украина уруши кескинлашуви натижасида 406 долларгача кўтарилди. Бу кўрсаткич сўнгги йиллардаги энг юқори .
Шундан сўнг АҚШ ва Ҳиндистон каби йирик экспортчиларнинг бозоргакириши нархлар босқичма-босқич пасайишига олиб келди. 2025 йил апрел ойига келиб тоннаси 174,8 долларга тушди, бу эса охирги беш йилдаги энг паст кўрсаткич сифатида қайд этилди.
Халқаро дон кенгаши маълумотларига кўра, 2025–2026 йилларда жаҳонда буғдой ишлаб чиқариш ҳажми 806,4 млн тоннага етиши кутилмоқда. Бу кўрсаткич ўтган мавсумга нисбатан 1 фоизга кўп бўлиб, асосан Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳосилдорлигининг ошиши ҳисобига таъминланиши кутилмоқда.
Бироқ хавфлар ҳам мавжуд. Украина Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳосил 10 фоизга қисқариши мумкинлигини билдирди. Шунингдек, Россияда иқлим ўзгариши ёки экспорт сиёсати кескин ўзгарса, бозорда янги шоклар юзага келиши эҳтимоли бор.
Шу боис экспертлар 2025–2026 йилларда нархлар умумий барқарорликда сақланиши мумкинлигини таъкидламоқда. Бироқ геосиёсий ва иқлимий омиллар хавф манбаи бўлиб қолмоқда.