Бироқ улар Трамп қарорларига қай даражада таъсир ўтказа олиши кўп жиҳатдан Трампнинг шахсан уларга бўлган муносабатига боғлиқ.
Хўш, бу шахсий муносабатлар қай даражада?
Кийр Стармер, Буюк Британия бош вазири. «Менга сизларнинг янги бош вазирларинг жуда ёқяпти», — деганди Трамп июл ойида Шотландияга сафари чоғида. Шунингдек, у Британия билан «алоҳида муносабатлар»ни таъкидлаган эди.
Жоржиа Мелони, Италия бош вазири. «Фантастик аёл», — деган Трамп у ҳақда. У январда Трампнинг инаугурациясида иштирок этган ягона европалик етакчи бўлди. Иккисини ҳам мигрантларга нисбатан танқидий муносабат ва ўнг ижтимоий қарашлар бирлаштиради.
Фридрих Мерц, Германия канцлери. Канцлер лавозимига келганидан кейин деярли илк ишларидан бири сифатида Трамп билан учрашувга борган. У Трампни мафтун этишга муваффақ бўлди — унга бобосининг Баварияда туғилгани ҳақидаги гувоҳномани совға қилган ва «немислар америкаликлардан қарздор», деган. Учрашувдан сўнг Трамп иккиси «дўст» эканини айтган ва ҳар иккиси собиқ канцлер Ангела Меркелни хуш кўрмаслигини урғулаган.
Александр Стубб, Финляндия президенти. Бу етакчилар орасида Трамп билан унинг Флоридадаги голф майдонида ўйнаган ягонаси.
Эммануэл Макрон, Франция президенти. Трампнинг илк президентлик даврида у билан яқин муносабатда бўлган ва ҳозир ҳам уни мақташда давом этмоқда. Трамп баъзан Макрон билан ҳазиллашади, бироқ яқинда Оқ уйда бўлиб ўтган учрашувда француз раҳбарини «менинг танишларим орасида алоҳида ўринга эга», деб таърифлади.
Марк Рютте, НАТО бош котиби. Трамп ҳақида шунчалик хушомад билан фикр билдирганки, Трамп унинг «азизим Доналдга» деб бошланган мактубини ижтимоий тармоқда жамоатчиликка ҳам кўрсатди.
Урсула фон дер Ляйен, Европа комиссияси раҳбари. Трамп билан тариф музокаралари давомида Европа Иттифоқининг «таслим бўлиш юзи» сифатида танилган. Трамп ҳақида қаттиқ танқидлардан тийилади. Мамлакат раҳбари бўлмагани боис, Трамп уни деярли эътиборга олмайди, бироқ охирги учрашувда «биз уни жуда ҳурмат қиламиз», деган.
Бу орада Европа етакчилари Украинага ҳарбий ва сиёсий қўллаб-қувватлашни тасдиқлашди.
Британия ҳукумати сайтида эълон қилинган баёнотга кўра, «Қатъиятлилар коалицияси» деб номланган давлатлар гуруҳи Украинага узлуксиз ёрдам кўрсатиш ва тинчлик жараёнида фаол иштирок этиш ниятини тасдиқлади. Коалиция аъзолари бу ташаббус ҳақида АҚШ президенти Доналд Трампнинг Аляскада Россия раҳбари Владимир Путин билан учрашувидан кейинги музокараларда фикр алмашган.
Баёнотда қайд этилишича, Трампнинг Украина хавфсизлиги учун кафолатлар бериш борасидаги қатъий позицияси юқори баҳоланди. Шу билан бирга, коалиция Украинадаги тинчлик ўрнатилгандан сўнг кўп миллатли хавфсизлик кучларини жойлаштириш, мамлакатнинг ҳаво ва денгиз ҳудудини муҳофаза қилиш ҳамда Украина қуролли кучларини тиклаш жараёнида муҳим рол ўйнайди.
Европа етакчилари ўз позицияларини яна бир бор аниқ баён қилиб, Украина ҳимояси ва унинг хавфсиз келажаги учун қатъий чоралар кўришга тайёрлигини билдирди. Улар ҳарбий ҳаракатлар тўхтагандан кейин мамлакатнинг барқарорлиги ва ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш жараёнида ҳамкорлик қилишини таъкидлади.
Шунингдек, Европа давлатлари Украина президенти Володимир Зеленскийнинг адолатли ва барқарор тинчликка эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. Эслатиб ўтамиз, Зеленский бугун Вашингтонда АҚШ раҳбари билан учрашиб, урушни якунлашнинг асосий жиҳатларини муҳокама қилади.