Япониянинг Sojitz корпорацияси Ўзбекистонга 1 млрд доллар инвестиция киритади

09:45 | 4 дақиқада ўқилади.

Япониянинг йирик Sojitz корпорацияси Ўзбекистонда энергетика, инфратузилма ва соғлиқни сақлаш соҳаларига 1 млрд доллар сармоя йўналтиради.

Sojitz kompaniyasi

Япониянинг Sojitz корпорацияси Ўзбекистонга йирик сармоя киритиш ниятини расман эълон қилди. Компания президенти Косуки Уэмуранинг айтишича, умумий қиймати 5 млрд долларга яқин лойиҳалар доирасида мамлакатга авваломбор 1 млрд доллар инвестиция йўналтирилади. Бу ҳақда у «O‘zbekiston 24» телеканалининг «Таҳлилнома» дастурига берган интервюсида маълум қилди.

Sojitzнинг йирик ташаббуслари қаторидан Самарқандда давлат-хусусий шериклик асосида замонавий шифохона қуриш, Сирдарё вилоятида қуввати 1573 MW бўлган газ электр станциясини барпо этиш ва Навоий вилоятида 1 GWлик шамол электр станциясини қуриш каби лойиҳалар ўрин олган. Шунингдек, халқаро аэропорт инфратузилмасини ривожлантириш учун ҳам маблағ йўналтирилади.

Компания аллақачон Ўзбекистонда қатор муҳим йўналишларга инвестиция киритган. Жумладан, Сирдарё-2 электр станцияси учун 40 млн доллар, шамол энергетикасига 180 млн доллар, Самарқанддаги шифохона қурилишига 75 млн доллар ва аэропорт ривожига 200 млн доллар сарфланган.

Косуки Уэмура Ўзбекистон раҳбариятининг очиқ ва шаффоф сиёсати ҳамда инвесторлар манфаатини инобатга олишга тайёрлиги сармоя киритиш имкониятларини яратганини таъкидлади. Унинг фикрича, мамлакатдаги иқтисодий ислоҳотлар ва маҳаллий мутахассисларнинг малакаси узоқ муддатли ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Sojitz корпорацияси Ўзбекистондаги иқтисодий ривожланиш жараёнларида фаол иштирок этишни мақсад қилмоқда. Компания бу орқали энергетика, соғлиқни сақлаш ва инфратузилма соҳаларида стратегик аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирган.

Sojitz Ўзбекистон бозорига қизиқишини илк бор 30 йил аввал билдирган бўлса-да, амалдаги ҳамкорлик сўнгги йилларда кучайди. 2004 йилда компания Тошкентда ўз ваколатхонасини очиб, узоқ муддатли йўл харитасини ишлаб чиққан эди.

«Sojitz Corporation» — 2004 йилда «Nissho Iwai Corporation» ва «Nichimen Corporation» компаниялари бирлашиши натижасида ташкил топган йирик Япония савдо-инвестиция корпорациясидир. «Sojitz» дунё бўйлаб 50 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритади. У қатор давлатларда электр станциялари қурилиши, кончилик лойиҳалари, автомобил саноати учун таъминот ҳамда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш соҳаларига инвестиция киритиб келмоқда.