2025 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон финтех бозорида фаолият юритувчи тўртта йирик тўлов ташкилоти молиявий ҳисоботларини эълон қилди. Улар орасида Paynet, Click ва Payme молиявий самарадорлик бўйича етакчиликни мустаҳкамлади.
Paynet компанияси чоракни 108,6 млрд сўм фойда билан якунлади. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 70 фоизга ўсишни англатади. Компания яқинда Humo тўлов тизимини 65 млн долларга сотиб олгани ҳам унинг бозордаги мавқеини янада кучайтирди.
Click биринчи чоракда 73,2 млрд сўм фойда қайд этди — бу ўтган йилга нисбатан 29 фоизга кўпроқ. Бироқ бу кўрсаткич Payme натижасидан бироз кам бўлди. Payme фойдаси 55 фоизга ошиб, 73,8 млрд сўмга етди. Ҳар икки компания финтех бозорида ўз позициясини барқарор сақламоқда.
Alif mobi учун эса чорак унчалик муваффақиятли кечмади. Унинг фойдаси 83,1 фоизга камайиб, 3,4 миллиард сўмни ташкил этди. Бу 2024 йилнинг шу давридаги кўрсаткичларга нисбатан анча паст.
Click, Payme ва Paynet финтех бозоридаги ўзига хос «учлик»ка айланди. Улар биргаликда пул ўтказмалари ва рақамли тўлов хизматларидаги асосий улушни эгаллаб, айрим тижорат банкларига қараганда юқори фойда кўрсаткичларини қайд этмоқда. Маълумотларга кўра, мазкур трио 60 фоиз банклардан кўпроқ фойда олган.
Бундан бир неча йил аввал финтех иловалар банк секторини ортда қолдиради, деган фикрлар хаёлда ҳам йўқ эди. Аммо ҳозирги натижалар рақамли молия хизматларининг қанчалик тез суръатда ривожланаётганини кўрсатмоқда.