Президент Шавкат Мирзиёев фармонига кўра, мамлакатда ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда алоҳида ҳисса қўшган тадбиркор ва мутахассислар фахрий унвонлар ва орден-медаллар билан мукофотланди.
«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор» унвони «Sam Antep Gilam» таъсисчиси Камол Абдуллоев, «Uztex» гуруҳи раҳбари Фарҳод Маматжанов, «Anglesey Food» кузатув кенгаши раиси Зафар Ҳошимов ҳамда бошқа бир қатор ишбилармонларга берилди. Шунингдек, профессор Ғаппор Раҳмонбердиев «Хизмат кўрсатган ихтирочи ва рационализатор» унвонига сазовор бўлди.
«Фидокорона хизматлари учун» ордени «Akfa Group» асосчиси Жаҳонгир Ортиқхўжаевга топширилди. «Меҳнат шуҳрати» ордени эса «Chartak Mineral Water» таъсисчиси Баҳодир Абдурайимов ва «Leichter Kamalak Textilien» раҳбари Дилшод Бобожонов каби тадбиркорларга берилди.
Бундан ташқари, «Дўстлик» ордени билан бир қатор тадбиркорлар, жумладан, «Grand Pharm Trade» таъсисчиси Азизхўжа Аббосхўжаев, «Shakhrisabz Med Center» раҳбари Темур Абидов ва «TBC Uzbekistan» банки бош директори Николоз Курдиани тақдирланди.
Фармонга асосан, «Шуҳрат» медали билан ҳам йирик корхона раҳбарлари, фермерлар ва инновацион лойиҳа муаллифлари мукофотланди. Президент тадбиркорларнинг мамлакат иқтисодиёти ва жамият тараққиётига қўшаётган ҳиссасини алоҳида эътироф этди.