Ҳужжатга кўра, қорақалпоқ ёшлари учун олий ўқув юртларида давлат гранти асосида 500 та, хусусий ва хорижий олийгоҳлар филиалларида эса 200 та қўшимча квота ажратилади. Ушбу имкониятдан фойдаланган битирувчилар камида 3 йил давомида республикада меҳнат фаолиятини олиб бориши шарт қилинади.
Шунингдек, Қорақалпоғистонда кичик ва ёшлар саноат зоналари ташкил этилмоқда. Уларда мажбуриятларни бажарган тадбиркорлар ер майдонларини имтиёзли тартибда хусусийлаштириш имконига эга бўлади. Нукусда бу ер нархи ер солиғи ставкасига тенг бўлса, бошқа туман ва шаҳарларда 50 фоиз ставкани ташкил қилади.
Бир йилдан ортиқ фаолият юритган ва камида 10 та доимий иш ўрни яратган корхоналарга тадбиркорликни ривожлантириш компанияси томонидан ўтган йилги даромадининг 50 фоизигача тенг маблағлар билан шериклик асосида молиялаштириш имконияти берилади.
Шу билан бирга, Хитой тажрибаси асосида эҳтиёжманд оилалар учун 5 гектар ерда кичик иссиқхоналар ташкил этилиши кўзда тутилган. Улар 2 йилгача имтиёзли ижара асосида фойдаланишга берилади.
Ҳужжат билан Қорақалпоғистон ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди. Жамғарма утилизацион йиғимнинг 5 фоизи, шунингдек, алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилардан тушадиган акциз солиғининг 70 фоизи ҳисобига молиялаштирилади. Унинг вазифаси инфратузилма, ижтимоий ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдан иборат.
Аввалроқ Қорақалпоғистон ривожи учун 200 млн доллар жалб этилиши ҳақида хабар берган эдик.