Электротехника маҳсулотларида хавфли моддалардан фойдаланиш чекланади

16:45 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда электротехника ва радиоэлектроника маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотишда хавфли моддалардан фойдаланиш қатъий чекланади.

Xavfli modda

Ҳукуматнинг 2025 йил 15 августдаги қарори билан «Электротехника ва радиоэлектроника маҳсулотларида хавфли моддаларни ишлатишни чеклаш тўғрисида»ги техник регламент тасдиқланди. Ҳужжат ушбу соҳада ягона ва мажбурий талабларни белгилайди.

Регламентга кўра, маҳсулотларнинг фойдаланиш ҳужжатлари давлат тилида тайёрланган паспорт, ўрнатиш, техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш йўриқномаси ҳамда қўлланмани ўз ичига олиши шарт. Шунингдек, маҳсулот ва ишлаб чиқарувчи ҳақидаги маълумотлар қадоқда кўрсатилиши керак.

Ўзбекистонда муомалага чиқариладиган ҳар бир электротехника ва радиоэлектроника маҳсулоти белгиланган талабларга мувофиқлиги бўйича баҳоланиши зарур. Бу талаб маҳсулот хавфсизлигини таъминлаш ва истеъмолчиларни саломатликка хавф солиши мумкин бўлган моддалардан ҳимоя қилишга қаратилган.

Янги регламент расмий эълон қилинган кундан олти ой ўтгач амалда қўлланила бошлайди.