Тошкент шаҳридаги Олимпия шаҳарчаси қуриб битказилди

17:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Тошкент шаҳрида қурилишига 2022 йил ноябрда тамал тоши қўйилган Олимпия шаҳарчаси қуриб битказилиб, 18 август куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида намойиш этилди.

Olimpiya shaharchasi

100 гектардан ортиқ майдонда барпо этилган ва 290 млн доллар сарфланган ушбу мажмуа Хитойнинг «CAMC Engineering» компанияси томонидан халқаро стандартларга мувофиқ қурилди. Шаҳарчада 5 та асосий спорт иншооти, жумладан велодром, стадион, сув спорти саройи ва жамоавий ҳамда яккакураш спортлари мажмуалари жойлашган.

Photo 2025 08 18 17.01.35

Велодром махсус ёғоч қоплама ва ҳаво шароити билан жиҳозланиб, Халқаро Олимпия қўмитаси талабларига жавоб беради. Унда велоспортдан ташқари стол тенниси ва қиличбозлик бўйича ҳам мусобақалар ўтказиш мумкин. 12 минг ўринли стадион эса енгил атлетиканинг 48 та йўналиши бўйича халқаро турнирларга мос равишда қурилган.

Photo 2025 08 18 17.01.39

Шаҳарчадаги сув спорти саройи халқаро федерация томонидан кўрикдан ўтказилиб, жаҳон чемпионатлари ва Олимпия дастури мусобақаларига тўлиқ мослиги тасдиқланди. Жамоавий ва яккакураш спортлари мажмуалари эса волейбол, баскетбол, гандбол, дзюдо, бокс ва таэквондо каби турлар учун замонавий майдонларга эга.

Photo 2025 08 18 17.01.45

Президент Мирзиёев спортчилар билан суҳбатда уларнинг халқаро майдондаги ютуқларини эътироф этиб, ёшларни ортларидан эргаштириш ва спортни оммалаштириш зарурлигини таъкидлади. Олимпия шаҳарчасида 15 та очиқ спорт майдони, паралимпиячилар учун 400 ўринли ётоқхона ва спорт тиббиёти маркази ҳам барпо этилмоқда.

Photo 2025 08 18 17.01.48

Шунингдек, шаҳарча барча жиҳозлари энергия тежамкор технологиялар асосида қурилган. Автотураргоҳлар қуёш панеллари билан таъминланиб, барқарор инфратузилмага эътибор қаратилган.