Дунё етакчилари Оқ уйга келишмоқда

23:00 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ президенти Доналд Трамп, Украина президенти Владимир Зеленский ва Европа давлатлари раҳбарлари Вашингтонда музокаралар ўтказади.

White house

The Washington Post хабар беришича, АҚШ президенти Доналд Трамп ва Украина раҳбари Владимир Зеленскийнинг учрашувида вице-президент Жей Ди Вэнс, давлат котиби Марко Рубио, шунингдек, Трампнинг махсус элчиси Стив Уиткофф иштирок этиши кутилмоқда.

Оқ уйдаги музокаралар бошланишидан аввал Зеленский Украинанинг Вашингтондаги элчихонасида Европа давлат раҳбарлари билан учрашди. Эълон қилинган тасвирларда Украина президентининг европалик ҳамкасблари билан маслаҳатлашаётгани кўринади. Учрашув қатнашчилари орасида Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляен, Италия бош вазири Жоржа Мелони ва Финляндия президенти Александр Стубб бор. Европа Иттифоқи раҳбарларини АҚШнинг протокол бўйича бошлиғи Моника Кроули кутиб олмоқда.

Украинанинг «Обшчественное» телеканалининг хабарига кўра, Трамп билан музокараларда иштирок этадиган Украина делегацияси таркибига Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак, унинг ўринбосари Павел Палиса, Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеров, мамлакатнинг АҚШдаги элчиси Оксана Маркарова ҳамда ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Кислица киритилган.

Шу пайтда Буюк Британия бош вазири Кир Стармер Трамп билан учрашиш учун Оқ уйга ташриф буюрди. Унинг ортидан Вашингтонга НАТО бош котиби Марк Рютте ҳам етиб келди ва у ҳам Америка президенти қароргоҳига йўл олди.