2025 йилнинг август ойи ҳолатига кўра, Ўзбекистондаги 35 банкдан 28 таси микроқарзлар тақдим этмоқда. Бу турдаги қарзлар 1 млн сўмдан 100 млн сўмгача, муддатлари эса уч ойдан беш йилгача давом этади. Марказий банк маълумотларига кўра, сўнгги ойларда ўртача фоиз ставкалари 34,9 фоиздан 36,3 фоизга ошган.
Ҳозирга келиб саккиз банк — Anorbank, APEX Bank, Hamkorbank, Invest Finance Bank, «Ипак Йўли Банк», «Ипотека-банк», TBC Bank ва «Янги банк» — микроқарзларни 40 фоиз ва ундан юқори миқдорда таклиф қилмоқда.
Кредитларни расмийлаштириш онлайн ва офлайн шаклда амалга оширилади. Мобил иловалар орқали мурожаат этилганда маблағлар виртуал ҳисобга ёки картага ўтказилади. Асосий талаблар сифатида ижобий кредит тарихига эга бўлиш ва камида олти ой иш тажрибаси кўрсатилган. Қўшимча таъминот сифатида учинчи шахс кафолати, суғурта полиси ёки гаровга автомобил ва кўчмас мулк каби ликвид активлар талаб этилади.
2024 йил 1 ноябрдан Марказий банк онлайн кредитлар хавфини камайтириш мақсадида биометрик идентификацияни жорий этди. Бу орқали ариза шахсан йўлланганини текшириш ва маблағларнинг қонуний олинишини таъминлаш кўзда тутилган.
Бироқ бозорда агрессив кредитлаш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Регулятор маълумотларига кўра, 2025 йил апрел-июн ойларида 1,1 млн ҳолатда банклар мижоз сўраганидан ортиқча микроқарз тақдим этган. Бу ҳолат аҳолини кераксиз қарзга ботиши ва кейинчалик тўлов қийинчиликларига олиб келмоқда.
Шунингдек, айрим банклар кредит тўловларини шартномада белгиланган муддатдан олдин ундириш ёки давлат нафақаларини қарз қайтариш учун ушлаб қолиш ҳолатлари қайд этилган. Марказий банк бу амалиётларни тўхтатиш зарурлигини таъкидлади.