«Роснефт»га қарашли Сизрандаги нефтни қайта ишлаш заводи 15 август куни дрон ҳужуми натижасида ишини тўхтатди. Reuters хабар қилишича, ушбу ҳужум натижасида нефтни бошланғич қайта ишлашга хизмат қилувчи асосий АВТ-6 қурилмаси жабрланди. У заводнинг умумий қувватида 70 фоиз улушга эга бўлиб, кунига 17,1 минг тонна нефтни қайта ишлайди.
Манбаларнинг таъкидлашича, қурилмани таъмирлаш ишлари камида август ойи охиригача давом этади. Ҳозирча ишлаб чиқаришни қисман тиклаш мақсадида иккинчи линия — АВТ-5 қурилмаси (кунига 7,1 минг тонна) ишга туширилиши мумкин.
Сизран нефтни қайта ишлаш заводи йилига 8,5 миллион тонна қувватга эга. У шундай ҳужумлар туфайли ишини тўхтатган тўртинчи йирик заводга айланди. Аввалроқ, 2 август куни «Роснефт»га қарашли Новокуйбишевск НҚИЗ ҳам ишини тўхтатганди. 11 август куни Саратов заводи ишламай қолган. Хабардорларга кўра, 15 августдан Волгограддаги «Лукойл» заводи ҳам нефт қабул қилишни тўхтатган.
Шунингдек, «Роснефт»нинг энг йирик заводи ва Москва вилоятини ҳам ёқилғи билан таъминлайдиган мажмуа Рязан НҚИЗ 2 августдан қувватининг ярмини тўхтатган. Бундан ташқари, Афип ва Славянск нефт заводлари ҳам украин дронлари ҳужумларидан жабр кўрган.
The Moscow Times ҳисоб-китобларига кўра, фаолияти тўлиқ тўхтаган заводларнинг умумий қуввати 38,3 млн тоннани ташкил этади. Бу рақам 2024 йилда Россиядаги умумий нефт қайта ишлаш ҳажмининг тахминан 14 фоизига тенг.