АҚШ президенти Доналд Трамп 18 август куни Оқ уйда Украина раҳбари Володимир Зеленский билан ўтказган учрашувда Киевга хавфсизлик соҳасида «катта ёрдам» берилишини билдирди. Унинг таъкидлашича, Вашингтон бу масалада Европа иттифоқчилари билан ҳамкорликда ҳаракат қилади.
«Биз уларга ёрдам берамиз, ёрдам катта бўлади. Лекин биринчи чизиқда Европа турибди улар фронтга яқинроқ. Шунга қарамай, биз ҳам қатнашамиз», — деди Трамп журналистлар саволларига жавобан. Шу билан бирга, у АҚШ томонидан тинчликпарвар кучлар юборилиши эҳтимолини инкор этмади.
Трамп бу масала Европа Иттифоқи ва НАТО етакчилари билан муҳокама қилиниши кераклигини қайд этди. «Биз бу ҳақда сизларга, эҳтимол, бугунроқ маълумот берамиз. Европа раҳбарлари ҳам қатнашади. Лекин ёрдам жуда, жуда катта бўлади», — деди у.
CNN маълумотига кўра, Трампнинг тинчликпарвар кучларни юбориш ғоясидан дарҳол воз кечмаслиги унинг урушни тугатиш борасидаги ёндашувида ўзгаришлар бўлаётганини кўрсатади. Илгари у бундай ташаббусларни Европа мамлакатлари қўлига топшириш кераклигини таъкидлар эди.
Зеленский эса тинчлик келишуви учун қандай кафолатлар кераклиги ҳақидаги саволга жавобан, Украинага кучли армия, қурол-яроғ, ҳарбий тайёргарликка кўмак ва разведка маълумотлари алмашуви зарурлигини айтди. Унга кўра, бу омиллар АҚШ ва бошқа етакчи давлатларнинг ёрдамига боғлиқ бўлади.