Вилоятлар номи билан аталган 12 та меҳмонхона қуриб битказилди

09:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Тошкент шаҳридаги «Янги Ўзбекистон» боғи яқинида қурилган замонавий меҳмонхоналар мажмуаси мамлакат туризм соҳаси ривожида муҳим қадам сифатида топширилди. Президент Шавкат Мирзиёев бунёдкорлик ишлари билан танишиш жараёнида ушбу иншоотларни ҳам кўздан кечирди.

Mehmonxona

8 гектардан ортиқ майдонда барпо этилган мажмуа таркибига 12 та меҳмонхона, 375 ўринли «Янги Тошкент» конференция зали, 310 ўринли ресторан, соғломлаштириш маркази ва спорт майдонлари киради. Меҳмонхоналар Қорақалпоғистон ҳамда вилоятлар номи билан аталган бўлиб, ҳар бири 3 юлдузли, 5 қаватли ва 62 та хонадан иборат.

Мажмуа ягона концепция асосида фаолият юритади ва унинг бошқаруви «Leo Hospitality Solutions», «Radisson Individuals», «Trademark Collection by Wyndham» каби нуфузли халқаро компанияларга топширилади. Шу билан бирга, хусусий банклар ҳам бошқарув жараёнида шерик сифатида иштирок этиш таклифини билдирган.

540 та янги иш ўрни яратилган мазкур мажмуа йилига ўртача 55 минг сайёҳга хизмат кўрсатиши режалаштирилган. Бу маҳаллий ва хорижий туристлар учун янги йўналиш бўлиб, Тошкент туризм бозорида рақобатни кучайтиради.

Мажмуа ресторанлар, анжуманлар зали ва дам олиш масканлари билан уйғун қурилгани хизмат кўламни кенгайтиради. Ушбу ҳудудда халқаро анжуманлар ва йирик тадбирлар ўтказилиши ҳам мумкин.

Президент хизмат турларини кўпайтириш ва сифатини ошириш зарурлигини қайд этиб, шундай кўп тармоқли мажмуаларни бошқа ҳудудларда ҳам ташкил этишни муҳим вазифа сифатида белгилади.