BBC хабар қилишича, қарорнинг асосий сабаблари сифатида визаси тугаганидан кейин мамлакатда қолиш, турли қонунбузарликлар ва хавфли фаолиятларда иштирок этиш ҳолатлари кўрсатилмоқда.
Маълумотларга кўра, бекор қилинган визаларнинг қарийб 4 мингтаси турли ҳуқуқбузарликлар — тажовуз, маст ҳолда машина ҳайдаш, ўғирлик каби ҳолатларга боғлиқ. Шунингдек, 200–300 та виза «INA 3B» моддаси асосида — инсон ҳаётига хавф солувчи ёки АҚШ қонунларига зид террорчилик фаолиятида иштирок этганлик айбловлари билан бекор қилинган.
Қарор Доналд Трамп маъмурияти томонидан халқаро талабалар устидан назорат кучайган бир пайтда қабул қилинди. Рaсмийлар терроризмга ёрдам тушунчасини тўлиқ очиқламаган бўлса-да, Фаластинни қўллаб-қувватлаб намойиш ўтказган айрим талабаларнинг хатти-ҳаракатлари антисемитизм сифатида баҳолангани айтилмоқда.
Шунингдек, АҚШ элчихоналарида талабалар учун виза учрашувлари вақтинча тўхтатилиб, кейинчалик қайта тикланганда аризачилардан ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларини очиқ кўрсатиш талаб қилинган. Бу орқали мамлакат хавфсизлигига таҳдид солувчи ёки террорчи гуруҳларни қўллаб-қувватлайдиган шахсларни аниқлаш мақсад қилинган.
Давлат котиби Марко Рубио май ойида минглаб визалар қайтариб олинганини тасдиқлаб, жараён давом этишини билдирган. Демократлар эса бу чораларни танқид қилиб, талабаларнинг ҳуқуқлари бузилаётганини таъкидламоқда.
Open Doors ташкилотига кўра, 2023/2024 ўқув йилида АҚШда 210 дан ортиқ мамлакатдан 1,1 миллиондан зиёд халқаро талаба таҳсил олган. Бу умумий талаба сонининг тахминан 6 фоизини ташкил қилади.