Исроил собиқ генерали: «50 минг фаластинликнинг ўлими зарур»

13:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Исроилнинг собиқ ҳарбий разведка генерали Ахарон Халива махфий ёзувларда Ғазода минглаб фаластинликлар ҳалокати «келажак учун зарур»лигини айтгани очиқланди.

Isroil

Channel 12 телеканали эълон қилган аудиёзувларда генерал ҳар бир исроиллик қурбон эвазига 50 фаластинлик ўлиши кераклигини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, бола ёки катта бўлишидан қатъи назар, Ғазода аллақачон 50 минг киши ҳалок бўлган ва бу «авлодлар учун муҳим» ҳисобланади.

Халива арабчада «катта фожиа» маъносини англатувчи «Накба» атамасига ишора қилиб, фаластинликлар доимо шундай фожиаларни бошдан кечириши лозимлигини айтган. Накба 1948 йилда Исроил ташкил этилганида юз берган ва ўшанда 700 мингдан ортиқ фаластинлик ўз уйидан қувиб чиқарилган эди.

Маълумот учун, Халива 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС Исроилнинг жанубига ҳужум қилган вақтда разведка бошлиғи бўлган. Ушбу ҳужумларда 1200 киши ҳалок бўлган, 250 нафар одам эса гаравга олинган эди. Халива 2024 йил апрелида масъулиятни ўз зиммасига олиб, истеъфога чиққан биринчи юқори мартабали офицерга айланган.

У ўз баёнотида 7 октябрдаги фожиа учун фақат армия эмас, балки сиёсий раҳбарият ва хавфсизлик хизмати (Шин Бет) ҳам масъул эканини айтган. Халива сўзлари юзасидан Channel 12 га изоҳ бериб, улар «ёпиқ форумда айтилгани» ва «вазиятни тўлиқ акс эттирмаслигини» таъкидлаган.

ҲАМАС унинг гапларини қаттиқ қоралаб, бу фаластинликларга қарши жиноятлар юқори сиёсий ва хавфсизлик қарорлари асосида амалга оширилаётганини исботлашини билдирди.

Исроилнинг Ғазодаги уруш ҳаракатлари халқаро босимни кучайтирмоқда. Янги Зеландия бош вазири Кристофер Лаксон Беньямин Нетаняхуни «вазиятни бутунлай йўқотган» деб атаса, Дания бош вазири Метте Фредериксен уни «алоҳида муаммога айланган шахс» сифатида баҳолади.

БМТ махсус қўмитаси 2024 йил ноябрида Исроил ҳаракатларини «генотсид белгиларга мос» деб топган. 2025 йил июлда эса икки исроиллик ҳуқуқ ташкилоти мамлакатни «генотсид содир этишда» айблаган. Исроил армияси бу даъволарни рад этиб, ҳаракатларини халқаро ҳуқуққа мувофиқ деб ҳисоблайди.