Молиявий қийинчиликка учраган 621 нафар фуқаро ватанга қайтарилди

14:30 | 3 дақиқада ўқилади.

30 июлдан 30 августгача давом этувчи «Ватанга қайтариш» лойиҳаси доирасида хорижий давлатларда оғир молиявий аҳволда қолган 621 нафар Ўзбекистон фуқароси юртимизга қайтарилди. Бу ҳақда Миграция агентлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Migrant

Қайтарилганларнинг энг кўп қисми Россиядан — 460 нафар. Шунингдек, Туркиядан 71, АҚШдан 56, Қозоғистондан 17, Жанубий Кореядан 4, Ҳиндистон, Япония ва Полшададан 3 нафардан, Мисрдан 2, Қирғизистон ва Саудия Арабистонидан бир нафардан фуқаро юртимизга етказилди. Улар орасида 326 нафар аёл, 295 нафар эркак ҳамда 189 нафар вояга етмаган болалар бор.

Агентлик маълумотича (https://t.me/uzmigration/626), бу вақтга қадар ташкилотга 2045 та мурожаат келиб тушган. Шундан 1406 нафар фуқарога тушунтириш ва ҳуқуқий маслаҳат берилган, 639 нафари эса ватанга қайтариш бўйича расмий ариза топширган.

Лойиҳа доирасида аввало Туркия, Россия, Қозоғистон, БАА, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, АҚШ ва Кореядаги депортация марказларида бўлган аёллар ва болалар ватандошига қайтарилиши белгиланган. Қолган ҳолларда фуқаролар Консуллик муассасалари ёки Миграция агентлиги хулосаси асосида юртимизга олиб келинади.

Ватандошларни юртимизда самарали реинтеграция қилиш учун давлат томонидан қатор чоралар кўрилмоқда. Уларга мақсадли субсидиялар, имтиёзли кредитлар тақдим этилади, тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш дастурлари орқали қўллаб-қувватланади. Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар, Бандлик вазирлиги ва Оила ва хотин-қизлар қўмиталари қайтарилган фуқароларни ижтимоий, иқтисодий ва психологик жиҳатдан мослаштириш ишларини олиб боради.

Аввалроқ «Ватанга қайтариш» акцияси бошлангани ҳаида хабар берган эдик. Мазкур ташаббус доирасида чет элда қийин аҳволда қолган фуқароларни ватанга олиб келиш ва уларни жамиятга қайта мослаштириш мақсад қилинган.