Йил бошидан буён Тошкент ҳокимлигининг ёпиқ қарорлари улуши 67 фоиздан ошган

15:50 | 3 дақиқада ўқилади.

Шавкат Умурзоқов раҳбарлигида пойтахт ҳокимлигининг ошкора қарорлари улуши бир йилда 53 фоиздан 33 фоизга тушиб кетди.

Toshkent

E-Qaror портали маълумотларига кўра, жорий йилнинг 1 январидан 18 августга қадар Тошкент шаҳар ҳокими 803 та қарор қабул қилган. Улардан 264 таси (32,9 фоиз) очиқ ҳолда эълон қилинган бўлса, 539 таси (67,1 фоиз) ёпиқ қолган. Шу жумладан, 371 та қарор «Хизмат доирасида фойдаланиш учун» белгиси билан қайд этилган.

2024 йилнинг шу даврида ҳокимлик 763 та қарор қабул қилган эди. Улардан 405 таси (53,1 фоиз) очиқ ва 358 таси (46,9 фоиз) ёпиқ бўлган. Демак, бир йил ичида қарорлар умумий сони 5,2 фоизга кўпайган, аммо ёпиқ қарорлар улуши кескин ўсган.

Мутасаддилар бу ҳолатни айрим ҳужжатлар шахсий маълумотлар ёки хавфсизликка оид бўлиши мумкинлиги билан изоҳлайди. Бироқ амалиётда кўп ҳолларда молия ва хўжалик масалаларига оид қарорлар ҳам жамоатчиликдан яширилаётгани кузатилмоқда.

Мутахассислар фикрича, ёпиқ қарорлар улушининг ошиши ҳокимият фаолиятида ошкоралик тамойилларига зид ҳолат сифатида баҳоланмоқда. Бу эса жамоатчилик назорати ва давлат бошқаруви шаффофлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.