Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, етти ой ичида республика бўйлаб 47 796 та кичик тадбиркорлик субъекти (фермер ва деҳқон хўжаликларисиз) ташкил этилган. Уларнинг энг катта қисми савдо соҳасида қайд этилган бўлиб, умумий сони 17 587 тани ташкил қилди.
Шунингдек, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги соҳасида 6 183 та, саноат соҳасида эса 6 189 та тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтган. Бу кўрсаткичлар мазкур соҳаларда ишбилармонлик фаоллиги ўсиб бораётганидан далолат бермоқда.
Яшаш ва овқатланиш хизматлари соҳасида 4 234 та, қурилиш соҳасида эса 2 680 та кичик тадбиркорлик субъекти ташкил этилган. Бу соҳаларда аҳоли эҳтиёжларига мос равишда хизматлар улуши кенгайиб бораётгани кўриниб турибди.
Шу билан бирга, ахборот ва алоқа соҳасида 1 763 та, ташиш ва сақлаш соҳасида 1 512 та, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳасида эса 989 та субъект фаолият бошлаган. Қолган 6 659 та субъект бошқа турли соҳаларда қайд этилган.