Қайд этилишича, Сурхондарё вилоятидаги тезкор тадбирда Узун туманида Тожикистон Республикасидан 20 кг 374 гр афюн ва 41 кг 668 гр наша гиёҳвандлик моддаларини контрабанда йўли билан олиб киришга уринаётган 2005 ва 2006 йилларда туғилган икки нафар маҳаллий фуқаро қўлга олинган. Уларнинг жиноий шериги — 2004 йилда туғилган маҳаллий фуқаро ҳамда гиёҳвандлик воситалари буюртмачиси — 2000 йилда туғилган, Денов туманида истиқомат қилувчи шахс процессуал тартибда ушланган.
Шунингдек, Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбир давомида Қозоғистон Республикасидан халқаро чегара назорати пункти орқали Ўзбекистонга кириб келган Фарғона вилояти Тошлоқ туманида ёшовчи 1991 йилда туғилган фуқаронинг юклари белгиланган тартибда текширилган. Текширув натижасида ушбу фуқаронинг юки орасидан мармар плита ичига яшириб қўйилган 7 кг 902 гр «Мефедрон» номли синтетик гиёҳвандлик моддаси топилган.
Дастлабки тергов жараёнида аниқланишича, у гиёҳвандлик моддаларини Россия Федерациясининг Москва шаҳридаги кўрсатилган манзилда номаълум шахсдан телеграм-бот орқали олган ва уларни Ўзбекистондаги буюртмачига етказиб бериши керак бўлгани маълум бўлган. Тезкор тадбир давом эттирилганда, Ўрта Чирчиқ туманида гиёҳвандлик моддаларини қабул қилиш пайтида буюртмачи — Бекобод туманида яшовчи 1985 йилда туғилган шахс ҳам ушланган.
Сурхондарё вилоятида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Афғонистонлик гиёҳванд моддалар сотувчиларидан наркотик воситаларни харид қилиб, уларни Фарғона вилояти ҳудудида сотиш билан шуғулланган шахслар фаолиятига чек қўйилган. Хусусан, Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи 1964 йилда туғилган аёл ва унинг илгари гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноят содир этгани учун судланган 1993 йилда туғилган ўғли қўлга олинган. Улардан Афғонистондан контрабанд йўли билан олиб кирилган 5 кг 878 гр афюн ва 3 кг 922 гр наша моддаси ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
«Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида чет элдан олиб келинган жами 79 кг 744 гр гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига барҳам берилди. Ҳозирда юқорида кўрсатилган барча шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246 ва 273-моддалари бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.