Япониянинг Sojitz компанияси Тошкент аэропортига 200 млн доллар инвестиция киритмоқчи

10:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Япониянинг йирик корпорацияси Sojitz Тошкентда қуриладиган янги халқаро аэропорт лойиҳасига 200 миллион доллар сармоя йўналтиради.

Image 2025 08 20 09 33 17

Sojitz корпорацияси президенти Косуке Уэмуранинг маълум қилишича, компания ҳамкорлари билан биргаликда Тошкентдаги янги аэропорт қурилиши бўйича ишлар олиб борилмоқда. Унга кўра, аэропорт лойиҳасига 200 миллион доллар сармоя йўналтиради.

Компания Ўзбекистонда фаолиятини 2024 йил июл ойида очилган ўзининг Тошкентдаги расмий ваколатхонаси орқали йўлга қўйган. Sojitz шу пайтга қадар мамлакатда йирик тиббий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳрида қурилаётган 300 миллион долларлик замонавий тиббиёт маркази компаниянинг асосий ташаббусларидан бири ҳисобланади.

Яқинда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Sojitz билан янги «йўл харитаси»ни имзолади. Унда энергетика, соғлиқни сақлаш, инфратузилма соҳаларига 1 млрд доллар сармоя йўналтириши ҳақида маълум қилган. Мазкур ҳамкорликнинг асосий мақсади Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини ошириш ва япон технологиялари ҳамда тажрибасини жалб қилишдир.

Янги аэропорт лойиҳаси ва унинг аҳамияти

Ўзбекистон пойтахтида халқаро авиаалоқаларни ривожлантириш, юк ва йўловчи оқимини самарали ташкил этиш мақсадида Тошкент вилоятида янги аэропорт қурилиши режалаштирилмоқда.

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг таъкидлашича, янги аэропорт Тошкент шаҳридан 17 км жанубда, Самарқанд билан боғловчи амалдаги автомобил йўли ва келажакда қуриладиган пулли трассага яқин ҳудудда жойлашади.

Аввалроқ Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев 11 август куни бўлиб ўтган «Ҳокимлик соати» йиғилишида янги халқаро аэропорт Ўрта Чирчиқ туманида жойлашиши мумкинлигини маълум қилган эди.