Миграция агентлиги орқали қонуний ишга юбориш имкониятлари кенгаяётганига қарамай, айрим фуқаролар соддалиги сабабли фирибгарлар тузоғига тушмоқда.
ДХХ хабарига кўра, Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида яшовчи шахс ўзининг МЧЖси орқали Латвияга ишга чиқишни ваъда қилиб, Хоразм вилоятида истиқомат қилувчи тўрт нафардан виза учун 10 минг доллар талаб қилган. У Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар ходимлари ўтказган тезкор тадбирда Урганч шаҳрида пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Тошкент вилоятидаги яна бир ҳолатда, Ангрен шаҳрида яшовчи шахс Андижонлик уч фуқарога элчихонада ишловчи танишлари орқали виза олиб беришни ваъда қилган. У бунга 8250 доллар талаб қилиб, маблағнинг бир қисми — 2100 долларини олган пайтда ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ушланди.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Мутасаддилар фуқароларни хорижда ишга жойлашишда фақат расмий каналларга ишонишга чақирмоқда.