«Толибон» Мозори Шариф шаҳрида жойлашган Алишер Навоий ҳайкалини бузиб ташлади

17:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Маълумотларга кўра, мазкур ҳаракат жамоатчилик ва зиёлилар орасида катта норозиликка сабаб бўлган.

Alisher navoiy

«Amu» нашри хабар беришича, фикр билдирган зиёлилар «Толибон» нафақат миллатларнинг маънавий қадриятларига, балки бутун инсониятнинг тарихий меросига ҳам беэътиборлик қилаётганини, амалда маданий ва тарихий ўзликни йўқ қилиш билан шуғулланаётганини қайд этмоқда.

20 август куни 20 дан ортиқ фуқаролик ва жамият ташкилотлари қўшма баёнот билан чиқиб, ҳайкал бузилишини «Афғонистон халқининг умумий хотираси ва миллий ўзлигига ҳужум» сифатида баҳолашди. Улар халқаро ҳамжамият, UNESCO ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларини маданий меросни ҳимоя қилишга чақирди.

Жамоатчилик вакиллари, жумладан, Қобул университети профессори Абдулҳанон Қилич Арслон ҳам бу ишни «адолатдан ташқари» деб баҳолаб, расмий изоҳ талаб қилди. Ҳайкал 17 йил олдин Мозори Шариф ҳокимияти ташаббуси билан ўрнатилган эди.

Аввалроқ ҳам Навоий ҳайкали қисман бузилгани ҳақида маълумот тарқалган, аммо бу сафар у бутунлай йўқ қилинди. «Толибон» эса ҳозиргача воқеага расмий муносабат билдирмаган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил феврал ойида ҳам Навоий ҳайкали бегона кишилар томонидан вайрон қилган эди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов ҳолатга муносабат билдириб, бу ишни «вандализм» деб атаганди.