Ўзбекистонда АҚШ доллари курсининг сўнги ҳафтадаги ҳаракати ноодатий волатиллик билан ажралиб турди. 13–15 май кунлари расмий курс узлуксиз ошиб бориб, 99,81 сўмга қимматлашди ва 12 980 сўмга етди. Бироқ 16–20 май орасидаги учта савдо кунида курс 122,01 сўмга пасайиб, 12 858,15 сўмга тушди. Бу — сўнгги 5 ойдаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади.
Марказий банкнинг 19 майдаги маълумотига кўра, расмий курс 58,95 сўмга арзонлашган. Банклар эса ушбу куни долларни 12 920–12 980 сўмдан сотди, 12 795–12 910 сўм диапазонида харид қилди.
Экспертларга кўра, валюта бозоридаги бу каби кескин ўзгаришлар ички валюта талаб ва таклифи мувозанати, экспорт-импорт операциялари, пул ўтказмалари ва ташқи қарзлар оқими билан боғлиқ. Айниқса, импорт ҳажмининг пасайиши, газ ва автомобиллар каби товарлар импортининг камайиши валютага бўлган талабни камайтираётгани таъкидланмоқда.
Шунингдек, Марказий банкнинг қатъий пул-кредит сиёсати ҳам валюта курсининг кескин ўзгаришларини юмшатишга қаратилган. Бироқ глобал омиллар, жумладан, АҚШдаги рейтинг тушиши ва долларнинг халқаро бозорда пастлаши Ўзбекистон валютасига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.