Эпли Қирғизистон сотиб олган бензинини Ўзбекистонга экспорт қилмоқда

20:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Қирғизистон Ўзбекистонга бензин экспортини 1,6 баробар оширди. Мамлакатнинг ўзи ҳам нефт ва бензинни импорт қилади. Бироқ мамлакат самарали ва рақобатли ёқилғи бозори орқали ўз маҳсулотини арзон нархда таклиф эта оляпти.

Benz

Қирғизистон Ўзбекистонга бензин етказиб бериш ҳажмини сезиларли даражада оширди. Бу ҳақда мамлакат Улуттук статистика комитети маълумотларига асосланган ҳисоботда қайд этилган.

2025 йилнинг олти ойи мобайнида Ўзбекистонга бензин экспорти 1,6 баробар кўпайиб, 4,6 миллион литрга етган. Бир литр бензин ўртача 41,3 центдан экспорт қилинган. Солиштириш учун, ўтган йилнинг шу даврида нарх 44,3 цент бўлган.

Айни пайтда Ўзбекистонда 80 шиптир лақабли бензиннинг энг арзон тури 75 центга қадар кўтарилган. Нархлар фарқи Қирғизистон бензинининг Ўзбекистон бозорида рақобатбардошлигини кучайтирмоқда.

«Қирғизистоннинг ўзи нефть ва бензинни импорт қилади. Лекин самарали ва рақобатли ёқилғи бозори ярата олгани ортидан, олигархия ва монополистлар зараркунандалиги туфайли ёқилғи жуда қиммат қўшни Ўзбекистонга бензин экспорт қила олишмоқда», — дея ёзмоқда иқтисодчи-блогер Отабек Бакиров.

Мутахассисга кўра, Ўзбекистонда бензин нархи қимматлигига монополия ва олигархиянинг таъсири билан шаклланган юқори нархлар асосий омил бўлмоқда.

Аввалроқ, Ўзбекистондаги ёқилғи нархининг юқорилиги қўшни Қозоғистондаги жиноий тузилмалар эътиборини ҳам тортгани, жумладан, криминал гуруҳлар 450 метрлик ер ости қувурини қуриб, Ўзбекистонга бензинни ноқонуний йўл билан киритишга ҳаракат қилгани ҳақида хабар берган эдик.