«Туркманистон – Хоразм – Қорақалпоғистон – Қозоғистон» йўналишида туристик ҳалқа йўли ишлаб чиқилди

21:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Янги туристик ҳалқа йўли гастрономик, этно, эко ва зиёрат туризмини уйғунлаштириб, 15 дан ортиқ тарихий-маданий объектларни ўз ичига олади.

Ichan qala

Президент фармони асосида Туркманистон — Хоразм — Қорақалпоғистон — Қозоғистон йўналиши бўйлаб туристик йўлак-ҳалқа ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси хабар берди.

Маълум қилинишича, йўналишда сайёҳлар қуйидаги туризм турлари билан танишиш имкониятига эга бўлади:

Гастрономик туризм – ҳар бир минтақанинг миллий таомлари билан танишиш;

Экотуризм – табиий гўзалликлар ва ландшафтлар бағрида дам олиш;

Этнотуризм – халқ урф-одатлари, анъаналари ва ҳунармандчилик намуналари билан танишиш;

Зиёрат туризми – муқаддас қадамжолар ва тарихий-маънавий обидаларни зиёрат қилиш.

Йўналиш доирасида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳамда миллий ва минтақавий аҳамиятга эга 15 дан ортиқ объект қамраб олинган. Жумладан:

— Туркманистонда — Қадимги Марв шаҳри, Дарвоза газ кратери, Кўхна Урганч;
— Хоразмда — Ичан қалъа, Душан қалъа;
— Қорақалпоғистонда — И.В. Савитский музейи, Қизил қалъа, Чилпиқ қалъа, Султон Увайс Бобо зиёратгоҳи, Тупроқ қалъа, Аёз қалъа;
— Қозоғистонда — Ториш водийси, Бўзжира водийси, Шақпақ Ота мақбараси, Шерқалъа тоғи.

«Бу туристик ҳалқа нафақат саёҳат ихлосмандлари, балки маданият, тарих, санъат ва табиатни севувчилар учун ҳам чинакам кашфиёт бўлиши мумкин», — дейилади хабарда.

Сайёҳлар ва туристик ташкилотларга мазкур йўналиш бўйича мустақил равишда ёки туристик гуруҳлар таркибида саёҳатларни ташкил этиш тавсия этилган.