Ўзбекистон вилоятлари рейтинги эълон қилинди

21:40 | 4 дақиқада ўқилади.

Прогрессив ислоҳотлар маркази эълон қилган Ўзбекистон ҳудудлари ривожланиш рейтингининг 2024 йил якуний натижаларида Тошкент шаҳри, Навоий ва Бухоро вилоятлари кучли учликка кирди.

Tasj

Прогрессив ислоҳотлар маркази (PIM) 2024 йил якуни бўйича Ўзбекистон вилоятлари комплекс ривожланиш рейтингини эълон қилди. Бу ҳақда марказ расмий сайтида хабар берилди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳри етти йўналишдан бештасида юқори кўрсаткичларни қайд этиб, умумий ҳисобда етакчиликни қўлга киритган. Шунингдек, Навоий ва Бухоро вилоятлари ҳам кучли учликка кирган.

Рейтингнинг сўнгги қисмида эса Сурхондарё, Наманган ва Жиззах вилоятлари қайд этилган. Хусусан, Жиззах вилояти таълим соҳасида энг паст кўрсаткичларни кўрсатган. Шу билан бирга, Қашқадарёда мактабгача таълим қамрови пастлиги келажакда инсон капитали ривожига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги таъкидланган.

Методология 57 та индикатор асосида ишлаб чиқилган бўлиб, соғлиқни сақлаш, таълим, иқтисодиёт, инфратузилма, имкониятлар, жиноятчилик ва табиий муҳит каби етти йўналишни қамраб олди. Ҳар бир кўрсаткич 0 дан 100 баллгача баҳоланди. Рейтингда халқаро ташкилотлар ва ОАВ маълумотларидан фойдаланилган бўлса-да, асосий эътибор миллий статистика агентлиги ҳамда тегишли идоралар маълумотларига қаратилди.

Йўналишлар кесимида Тошкент шаҳри соғлиқни сақлаш (61,84 балл), таълим (89,47 балл), иқтисодиёт (98,21 балл) ва инфратузилма (93,21 балл) бўйича етакчилик қилди. Шу билан бирга, имкониятлар бўйича ҳам пoyтаҳт 91,63 балл билан биринчи ўринни эгаллади. Сурхондарё табиий муҳит бўйича 87,48 балл билан етакчи бўлди, Сирдарё эса жиноятчиликни камайтиришда юқори кўрсаткич қайд этди.

Бироқ Жиззах, Сурхондарё ва Наманган вилоятларида бир қатор соҳаларда қийинчиликлар сақланиб қолмоқда. Таҳлилчиларнинг фикрича, мазкур рейтинг рақамлар йиғиндиси эмас, балки ҳудудларнинг ички имкониятлари ва ривожланиш истиқболини кўрсатиб берувчи муҳим мезондир.