Хитой ўзининг ядровий кучлари сони ва имкониятларини оширишда давом этмоқда. Бу ҳақда «Reuters» АҚШ ҳарбий мутахассислари ва қуролланиш устидан назорат экспертларига таяниб, хабар берди.
АҚШ Қуролли кучлари Стратегик қўмондонлиги (STRATCOM) раҳбари генерал Энтони Коттон март ойида Конгрессда сўзлаб, Хитой раиси Си Жинпинг армияга 2027 йилга қадар Тайванни босиб олишга тайёр бўлиш топшириғини берганини айтган. Унинг таъкидлашича, шу муносабат билан Пекин ердан, ҳаводан ва денгиздан учирилиши мумкин бўлган ядровий зарядлар ишлаб чиқаришни кучайтирмоқда.
Чикагода чиқадиган «Атом олимлари бюллетени» маълумотларига кўра, Хитой ўз арсеналини ҳар қандай бошқа ядровий давлатга нисбатан тезроқ кенгайтириб ва модернизация қилиб бормоқда. Ҳозирда мамлакат ихтиёрида тахминан 600 та ядровий заряд мавжуд. Пентагон ҳисобича, 2027 йилга келиб улар сони 1000 тадан ошиб кетиши мумкин.
Стокголмдаги Халқаро тинчлик муаммоларини тадқиқ этиш институти (SIPRI) баҳосига кўра, 2025 йил январ ҳолатига дунёда 12 241 та ядровий боеголовка мавжуд. Улардан энг катта қисми Россия (4309) ва АҚШ (3700) ихтиёрида. Институт экспертлари ҳам Хитой захиралари ўсиб бораётгани ҳақида АҚШ баҳосини тасдиқлади.
Хитой эса ядровий соҳада «ўзини ҳимоя қилиш стратегияси»га амал қилишини, ядровий қуролни биринчи бўлиб ишлатмаслигини ва унга эга бўлмаган давлатларга қарши қўлламаслигини таъкидлаб келади. Мамлакат Мудофаа вазирлиги «ядровий урушда ғолиб чиқиш мумкин эмас»лигини урғуламоқда.
Шунингдек, Пентагоннинг ҳисоботида таъкидланишича, Пекиннинг амалий стратегияси зарурат туғилганда ядровий қуролни биринчи бўлиб ишлатиш имкониятини назарда тутади. АҚШ ҳужжатларига кўра, Хитой Тайвандаги кучларига «жиддий таҳдид» юзага келганда ҳам ядровий қуролни биринчи бўлиб қўллаш имкониятини кўриб чиқиши мумкин.