Хитойда Эрон ва Россиянинг «хуфиёна» танкер флоти аниқланди

08:20 | 4 дақиқада ўқилади.

Яширин флот Хитойга санкция остидаги мамлакатлар — Эрон ва Венесуэладан, 2022 йил кузидан бошлаб эса Россиядан ҳам нефт етказиб бермоқда.

Tanker

Хитойнинг «яширин флотидаги» танкерлар эронлик ҳуқуқшунослар ёрдамида Эрон, Венесуэла ва Россиядан санкция чекловларини четлаб ўтиб нефт ташиш билан шуғулланмоқда. Бу ҳақда Британиянинг Financial Times нашри хабар берди.

Нашр ва АҚШнинг C4ADS нотижорат ташкилоти ўтказган қўшма текширувга кўра, мазкур флот 2019 йилдан олдин эронлик ҳуқуқшунослар ва ҳисобчиларнинг саъй-ҳаракатлари билан ташкил этилган. Ўшандан буён у Хитойга санкция остидаги мамлакатлар — Эрон ва Венесуэладан, 2022 йил кузидан бошлаб эса Россиядан ҳам нефт етказиб бермоқда.

Financial Times’нинг тахминига кўра, флотни Хитойдаги сохта компаниялар тармоғи, Панама ва Британия Виржиния оролларидаги оффшор компаниялар, шунингдек, Швейцариянинг молиявий ҳамда ҳуқуқий воситачилари ортида яширинган номаълум хитойлик манфаатдор шахс бошқаради.

Флот таркибига 30 дан ортиқ кема киради: уларнинг баъзилари фақат бир марта сафар қилган, бошқалари эса доимий равишда фойдаланилмоқда. Флотнинг умумий қиймати 1 миллиард доллардан ошади, ташилган нефт ҳажми эса 9,6 миллиард долларга баҳоланмоқда. Бундан тахминан 50 фоизи Эронга, 25 фоизи Россияга ва яна 20 фоизи Венесуэлага тўғри келган. Нефтнинг деярли барчаси Хитойга етказиб берилган.

Айрим кемалар ва уларнинг номинал эгалари Эрон, Венесуэла ва Россияга қарши чекловларни четлаб ўтиб, нефть етказиб беришда иштирок этгани учун АҚШнинг иккиламчи санкцияларига дучор бўлди.

Расмий Пекин Америка санкцияларини тан олмаслигини, уларни бир томонлама ва ноқонуний деб ҳисоблашини айтмоқда. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги FT нашрига берган изоҳида эслатиб ўтди. Журналистларнинг танкерларнинг расмий эгалари билан боғланишга уринишлари кўрсатилган манзиллар мавжуд эмаслигини ёки сохта шахсларга олиб боришини кўрсатди.

Шунингдек, суриштирувда таъкидланишича, Россия — Эрон нефтининг биринчи олувчиларидан бири —- мингдан ортиқ кемадан иборат ўз соя флотига эга. Ушбу кемалар мунтазам равишда ушланиб, санкциялар рўйхатига киритилган. 2024 йилнинг биринчи ярмидаги ҳисоб-китобларга кўра, Россия нефт экспортининг қарийб 45 фоизи шундай флотдан фойдаланган ҳолда амалга оширилган.