Россияда рублни заифлаштириш орқали бюджетни тўлдириш режаси муҳокамада

20.05.2025 10:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия ҳукумати ва Марказий банк бюджетдаги йирик тақчилликни қоплаш учун рублни босқичма-босқич қадрсизлантиришни муҳокама қилмоқда. Reuters манбасининг хабар беришича, ҳукумат доллар курсини 100 рублгача чиқаришни иқтисодиёт учун қабул қилса бўладиган сценарий сифатида кўриб чиқмоқда.

Kurs rublya

Манбанинг таъкидлашича, айни пайтда давлат манфаатларидан келиб чиқиб рублни заифлаштиришга жиддий қизиқиш бор, бироқ бу жараён назоратдан чиқмаслиги ва инфляция портлашига олиб келмаслиги керак. Ҳукуматни энг кўп ташвишлантираётган омил — инфляциянинг юзага чиқиши ва иқтисодий барқарорликнинг йўқолишидир.

2025 йил бошидан буён рубл 40 фоизга қимматлашган ва Bloomberg маълумотларига кўра, дунёда энг тез ўсган валютага айланган. Доллар курси 110 рублдан 80 рублгача тушган ва бу бюджетда белгиланган курсдан 15 фоизга паст. Бироқ нефть нархининг 70 доллардан 50 долларга тушиши Россия давлат бюджетини қаттиқ зарбага учратган — январ-апрел ойларида нефт-газ тушумлари 10 фоизга камайган бўлса, майга келиб бу кўрсаткич 33 фоизга етган.

Бу вазиятда ҳукумат бюджет прогнозига тузатишлар киритган: Urals маркали нефтнинг ўртача йилилик нархи 56 доллар деб белгиланди. Натижада, хомашёдан тушадиган даромадлар 25 фоизга қисқариб, 10,9 трлн рубл ўрнига 8,3 трлн рублни ташкил қилиши мумкин. Бюджет тақчиллиги пандемия давридан бери энг юқори даражага — 3,8 трлн рублга чиқиши тахмин қилинмоқда.

Фонднинг захиралари эса буни қоплашга етарли эмас. Сўнгги икки йилда Миллий фаровонлик фонди (ФНБ)даги ликвид активлар деярли учдан икки қисми сарфланди. 115 млрддан 76 млрд доллари аллақачон давлат корпорацияларига, йирик лойиҳаларга ва бюджет тақчиллигини ёпишга йўналтирилган. 2025 йил апрель ойига келиб, ФНБда юан ва олтин кўринишида бор-йўғи 40 млрд доллар қолган — бу 2008 йилдан буён энг паст кўрсаткичдир.

Агар рубл назорат қилинган ҳолда 1 АҚШ долларига нисбатан 100 ёки 110-120 атрофида қадрсизлантирилса, бу экспортни рағбатлантириши ва бюджетни қисман қутқариши мумкин. Бироқ инфляцияни бошқариш, ички бозордаги барқарорлик ва аҳоли даромадларига таъсир масалалари ҳукумат учун жиддий муаммога айланиши мумкин.