28 минг доллар эвазига Мексика орқали АҚШга юборишни ваъда қилганлар ушланди

11:45 | 2 дақиқада ўқилади.

Самарқанд ва Андижонда одамлар ишончига кириб, пора эвазига хорижга ишга юборишни ваъда қилган шахслар қўлга олинди.

Pora

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент маълумотига кўра, Самарқанд шаҳрида фуқаро Б.Б. инсонларнинг ишончига кириб, уларни 28 минг доллар эвазига Мексика орқали АҚШга юборишни ваъда қилган. У шундан 4,5 минг долларни олган пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Шунингдек, Андижон вилоятида ҳам ўхшаш ҳолат аниқланган. «H.D.» МЧЖ раҳбари Ж.Д. фуқаро Ғ.А.га Болгарияга ишга жўнатиш ва визасини расмийлаштиришни ваъда қилган. У бир минг доллар олган вақтда тезкор чора кўрилган ва ушланган.

Икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси — фирибгарлик бўйича жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, сўнгги вақтларда хорижий ишга жойлаштириш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари ортиб бораётгани кузатилмоқда. Мутасаддилар аҳолини бундай шахсларга ишонмасликка ва фақат давлат ваколатли идоралари орқали ишга юбориш хизматларидан фойдаланишга чақирмоқда.

Аввалроқ, Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида ҳам Латвияга ишга юборишни ваъда қилиб, пора олганлар ушланганлиги ҳақида хабар берган эдик.