Олий суд маълумотига кўра, Тошкент вилоятида яшовчи 26 ёшли В.Д. 2024 йилнинг октябр-ноябр ойларида Кореяда бўлган вақтида ижтимоий тармоқларда миллатлараро низо келтириши мумкин бўлган чиқишлар қилган. У ўзбек халқига нисбатан ҳақоратомуз сўзлар айтгани қайд этилган.
2025 йилнинг 25 март куни у Абу Даби — Самарқанд рейси орқали Ўзбекистонга олиб келиниб, процессуал тартибда ушланган.
Жиноят ишлари бўйича Нурафшон шаҳар судининг ҳукми билан В. Д. (1999 йилда Тошкент вилоятида туғилган) Жиноят кодексининг 156-моддаси (миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) 2-қисми ва 158-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш) 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган ва унга 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазо манзил-колонияларда ўталиши белгиланди.
Суд хабар беришича, биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтириш ҳуқуқига эга.