Трамп Мексика билан чегара деворини қорага бўяшни буюрди

14:10 | 4 дақиқада ўқилади.

Бу орқали АҚШ президенти Доналд Трамп ноқонуний миграцияга қарши курашмоқчи.

Trump

Президент Доналд Трамп АҚШ–Мексика чегарасидаги деворни қорага бўяшни режалаштирмоқда. 19 август куни Ню-Мексикода АҚШ Хавфсизлик вазири Кристи Ноем бу ҳақда маълум қилди. Унинг айтишича, қора бўёқ деворни қиздириб, ундан кўтарилишни қийинлаштиради.

Трампнинг ушбу ташаббуси «Big, Beautiful Bill» деб номланган, Конгресс июл ойида қабул қилган қонун доирасида амалга оширилмоқда. Мазкур қонун орқали чегара девори қурилишини давом эттириш учун 46 млрд доллар ажратилган. Трампнинг илк президентлик даврида бошланган, аммо тўлиқ тугалланмаган девор қурилиши қайта кун тартибига қайтган.

Тадбирда чегара хизматлари раҳбари Майк Бэнкс ҳам иштирок этган. Унинг сўзларига кўра, қора бўёқ деворни зангдан ҳам ҳимоя қилади. Ноем эса «Миллат чегарасиз миллат эмас» деб таъкидлаб, журналистлар олдида бўёқ ролиги билан деворни бўяшда иштирок этган.

Маълумот учун, 2019 йилда ҳам Трамп девор қисмларини қорага бўйашни буюрган эди. Аммо «The Washington Post» хабарига кўра, Сасабе (Аризона) ҳудудида 2022 йилга келиб бўёқ 18 ой ўтмасдан кўчиб тушган. Шунга қарамай, Трамп маъмурияти бу галги ишни самарали деб баҳоламоқда.

Президентнинг иккинчи муддатида асосий эътибор чегара девори қурилиши билан бирга ICE рейдлари ва оммавий депортацияларга қаратилган. Бу йил баҳорда мудофаа вазири Пит Хегсет бошчилигида чегарада икки миллий мудофаа ҳудуди ташкил этилгани эълон қилинган, бу ҳудудларда ноқонуний кириш ҳарбий базага тажовуз сифатида баҳоланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакат миқёсида мигрантларни депортация қилиш ва ушлаб туриш жараёнларини янада кенгайтиришга доир янги фармон қабул қилганлиги ҳақида хабар берган эдик.