Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил 1 январ ҳолатига мамлакатда аёллар раҳбарлигидаги кичик корхона ва микрофирмалар сони 43 860 тани ташкил этди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 2 611 тага кўпайиб, 6,3 фоизлик ўсишни қайд этди.
Ҳудудлар кесимида энг кўп корхоналар Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган — 12 814 та. Кейинги ўринларда Тошкент вилояти (5 598 та) ва Самарқанд вилояти (3 905 та) турибди. Қорақалпоғистон Республикасида эса 2 866 та шундай корхона фаолият кўрсатмоқда.
Хоразм вилоятида 2 673 та, Сурхондарёда 2 656 та, Бухорода 2 434 та, Фарғона вилоятида 2 035 та, Навоийда 2 025 та корхона аёллар раҳбарлигида ташкил этилгани қайд этилган.
Қашқадарё вилоятида 1 879 та, Жиззахда 1 366 та, Сирдарёда 1 252 та, Андижонда 1 227 та ҳамда Наманганда 1 130 та кичик корхона ва микрофирмалар аёллар раҳбарлигида иш юритмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, бу тенденция мамлакатда аёллар тадбиркорлиги учун яратилаётган шарт-шароитлар самараси сифатида баҳоланмоқда.