Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 7 ойлик даврда ташқи савдо айланмаси 44,4 млрд долларни ташкил этди. Бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 7,4 млрд долларга ёки 19,9 фоизга кўпдир. Шу билан бирга, савдо балансида 4,1 млрд долларлик манфий салдо қайд этилган.
Экспорт ҳажми 20,1 млрд долларга етиб, ўтган йилга нисбатан 34,9 фоизга ошган. Умумий экспортнинг қарийб 38 фоизини 7,6 млрд долларлик номонетар олтин эгаллади. Шунингдек, саноат товарлари (11,1 фоиз), озиқ-овқат ва тирик ҳайвонлар (7,5 фоиз), кимёвий воситалар (5,8 фоиз), минерал ёқилғи ва мойлаш материаллари (4,4 фоиз) асосий экспорт йўналишлари бўлди.
Шунингдек, импорт ҳажми 24,3 млрд долларга етиб, 9,9 фоизга кўпайган. Унинг таркибида машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари 33,3 фоиз, саноат товарлари 16 фоиз, кимёвий маҳсулотлар 12,8 фоиз улушга эга бўлди. Жами товарлар импорти 21,8 млрд долларга етди, хизматлар импорти эса 2,5 млрд долларни ташкил қилди.
Июл ойи кесимида мамлакат 1,1 млрд долларлик олтин экспорт қилди. Шу орқали йил бошидан буён умумий олтин экспорти 7,7 млрд долларга етди, бу эса ўтган йилга нисбатан 83,7 фоизга кўп. Экспорт умумий ҳажми 3,2 млрд доллар бўлиб, 75,5 фоизлик ўсиш қайд этилди. Олтинсиз экспорт 15,1 фоизга, олтин, энергетика ва хизматларсиз экспорт эса 11,6 фоизга кўтарилди. Шу билан бирга, энергетика маҳсулотлари экспорти 28,9 фоизга қисқарди.
Ташқи савдода Хитой асосий ҳамкор бўлиб қолмоқда. Жорий йилнинг етти ойида Хитой билан савдо айланмаси 8,1 млрд долларга етди. Россия билан савдо ҳажми 7,2 млрд доллар, Қозоғистон билан эса 2,6 млрд долларни ташкил этди. Июл ойида Хитойга экспорт 6,6 фоизга, Туркияга эса 26,4 фоизга ўсди. Шунингдек, Афғонистон (26,9 фоиз), Қирғизистон (2,3 баробар) ва Покистонга (49,4 фоиз) экспорт юқори суръатларда ўсгани қайд этилди.