Ўзбекистонда иқтисодий кўрсаткичлар ҳақида гап кетганда кўпинча «иқтисодёт ўсмоқда, лекин харид қобилияти ошмаяпти», деган фикрлар янграйди. Иқтисодчи Юлий Юсупов «Seredin» YouTube каналига берган интервюсида бу тушунча аслида нимани англатишини, нега мамлакатда йиллар давомида сунъий «чиройли рақамлар» яратилганини ва Ўзбекистон нега қўшни Қозоғистондан орқада қолиб кетганини батафсил шарҳлаган.
Юсуповнинг таъкидлашича, «харид қобилияти» бевосита реал даромадлар ва реал истеъмол харажатлари билан белгиланади. «Номинал даромадларнинг ўсиши инфляцияни ҳисобга олмагунча ҳеч нарсани англатмайди. Аҳолининг ҳақиқий турмуш даражасини фақат инфляциядан тозаланган кўрсаткичлар орқали ўлчаш мумкин», — дейди у.
Ёлғон статистика
Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида инфляция даражалари сунъий равишда паст кўрсатилган. Натижада ҳисоб-китобларга кўра, Ислом Каримов даврида аҳолининг реал даромадлари йилига 30–40 фоизга ошгандек тасвирланган. ЯИМ ҳам юқори суръатларда ўсиб кўрсатилган, аммо парадокс шундаки, даромадлар ЯИМдан ҳам тезроқ ўсиб чиққан.
Иқтисодчи бу жараённи шундай изоҳлайди: ЯИМ дефлятори ва Истеъмол нархлари индекси (ИНИ) турлича қўлланиб, сунъий фарқлар яратилган. Масалан, ҳақиқий инфляция 40 фоиз бўлган йилларда ИНИ атиги 7 фоиз қилиб қайд этилган.
«Бу рақамларнинг асосий истеъмолчиси ўша пайтдаги президент Ислом Каримов эди. Унга чиройли кўрсаткичлар ёқарди ва, афсуски, ўзи ҳам уларга ишонарди», — дейди Юсупов.
Халқаро ташкилотлар эса бундай рақамларни текшира олмаган. Чунки ЯИМ ва инфляция ҳисоблари тўлиқ миллий статистикага таянади. Шу боис халқаро банклар ҳам давлат тақдим этган рақамларни қабул қилган.
«Агар бу кўрсаткичлар рост бўлганда эди, биз аллақачон Жанубий Корея даражасига чиқиб олган бўлардик», — дейди у.
Қўшни давлатларда ҳолат қандай?
Юсуповга кўра, Туркманистон ЯИМи расмий статистикада катта кўринади, аммо бу фақат расмий ва қора бозор курси ўртасидаги катта тафовут билан боғлиқ. «Расмий курс бўйича ҳисобласангиз, ЯИМ жуда катта. Лекин аслида уни уч-тўртга бўлиш керак», — дейди у.
Қозоғистон мисолида эса вазият бошқача. 2023 йилда Қозоғистон ЯИМи 259 млрд доллар бўлган бўлса, Ўзбекистон ЯИМи атиги 90 млрд долларни ташкил этган. Бу фарқнинг сабаблари бир нечта омил билан изоҳланади.
Биринчи сабаб — Қозоғистон табиий ресурсларга, хусусан, нефт ва газга бой. «Қозоғистон экспортининг 80–90 фоизи табиий бойликларга тўғри келади. Аҳоли жон бошига кўпроқ нефт улуши тўғри келгани боис уларнинг ЯИМ кўрсаткичи бизникидан анча юқори. Бизда эса бундай ресурслар йўқ даражада», — дейди Юсупов.
Иккинчи сабаб — Қозоғистонда хорижий компаниялар фаол иштирок этмоқда. «Улар нефт қазиб олиш ва сотишни жуда яхши билади. Бу яхши нарса. Аслида биз ҳам хорижий компанияларни жалб қилганимизда, бу натижаларга эришишимиз мумкин эди. Ҳатто камбағал мамлакат ҳам хорижий технологияларни жалб қилса, катта иқтисодий ютуқларга эришади», — дея таъкидлайди иқтисодчи.
Юсупов 2020 йилдан кейингини даврни «хоккей клюшкасини эслатади», деб баҳолайди. Бу Қозоғистоннинг кескин ўсишга эришганини кўрсатади.
Шунингдек, Қозоғистонда иқтисодий сиёсат ҳам нисбатан самаралироқ бўлган. 1990-йиллар бошида Ўзбекистон билан Қозоғистон ЯИМи ўртасидаги фарқ икки баробар атрофида эди. Бугун эса уч-тўрт баробар фарқ юзага келган.
Унинг сўзларига кўра, Қозоғистонда даромадлар нотенг тақсимланган бўлса-да, табиий бойликлар ҳисобига улар тез ривожланишга эришди. Шу билан бирга, улар Ўзбекистонга қараганда тадбиркорлик учун қулайроқ шароит яратишга ҳаракат қилган. Солиқ юки енгилроқ, маъмурий тўсиқлар камроқ бўлган. Натижада «ҳолланд касаллиги» деб аталувчи ресурсларга ҳаддан ташқари боғлиқликка қарамай, Қозоғистон Ўзбекистонга нисбатан кўпроқ тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт қилишга муваффақ бўлди.
«Аҳолимиз Қозоғистонникидан қарийб икки баробар кўп бўлса-да, уларнинг тайёр маҳсулот экспорти бизникидан бир неча баробар юқори. Биз ресурсларга камроқ боғлиқ бўлсак-да, уларнинг экспорт таркиби кучлироқ. Демак, улар биздан самаралироқ сиёсат юритишди», — айтади иқтисодчи.
Қозоғистонда ҳам муаммолар йўқ эмас. Юсупов уларнинг иқтисодиёти «ҳолланд касаллиги»га чалинганини айтади. Яъни ресурсларга ҳаддан ташқари боғлиқлик бошқа соҳаларда ишлаб чиқаришни ривожлантиришга тўсқинлик қилади. Бироқ шунга қарамай, қозоқлар биздан кўра анча кўп тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт қилишга эришган.
Шу билан бирга, Юсупов қозоқлар баъзан аҳволини ёмонроқ кўрсатишга мойил эканини қайд этади. «Улар нолиб гапиради, лекин экспорт айланмасига қарасангиз, биздан анча кучли. Демак, улар сотадиган нарсага эга», — дейди у.
«90-йилларда Марказий Осиёнинг маркази Тошкент эди…»
«Бир пайтлар қозоқлар Ўзбекистонга ишлаш учун келарди. Тошкент Марказий Осиёнинг иқтисодий ва маданий маркази эди. Ҳозир эса бутунлай тескари манзара юзага келган», — дейди Юсупов.
Ҳатто Африка ва Лотин Америкасидан талабалар Тошкент университетларида ўқиган.
Хитой билан таққослаганда ҳам худди шундай. «90-йилларда Ўзбекистонда аҳоли жон бошига ЯИМ Хитойникидан юқори эди. Ҳозир эса Хитой бизни олти-етти баробар ортда қолдирди», — дейди Юсупов.
Ўзбекистон нега иқтисодий қашшоқ мамлакатга айланди?
Ўзбекистонда эса иқтисодий сиёсат кўпроқ аҳолини қашшоқликка маҳкум этди. 1990-йиллар ва 2010-йилларда мамлакат энг камбағал давлатлар қаторига кириб қолди. 2000-йилларда эса аввал умид уйғотгандек туюлган жараёнлар тезда пасайиб кетди.
Шу йилларда кўплаб хорижий компаниялар Ўзбекистонда фаолият юритган, мамлакат ҳатто Марказий Осиёдаги йирик корпорацияларнинг минтақавий офислари учун марказга айланганди. Масалан, малайзиялик «Petronas» компанияси ҳам мамлакатда иш олиб борган. Бироқ қисқа вақт ичида уларнинг кўпчилиги турли сабаблар билан чиқиб кетди.
1996 йилда валютани конвертация қилиш жараёни тўхтатилгандан кейин давлат «супер индустриал сиёсат» юритишни бошлади. Унинг моҳияти — хусусий сектор заиф, шунинг учун саноатлаштириш давлат ҳисобидан амалга оширилиши керак, деган ғояга таянарди. Шу сабабдан хусусий секторда топилган маблағлар ва қишлоқ хўжалигидан олинган даромадлар тортиб олиниб, саноатга йўналтирилди. Бу жараён 1930-йиллардаги Сталин индустриализациясига ўхшатиларди.
Давлат имтиёзли шарт-шароитлар яратди: корхоналарга бозор нархидан уч-беш баробар арзон валюталар, инфляциядан паст кредитлар таклиф этилди. Амалда бу «совға»га айланди. Бироқ «зиёфат»нинг ҳисобини ким тўларди? Асосан пахта етиштирувчи фермерлар ва хусусий тадбиркорлар. Уларнинг юқори солиқлар, мажбурий мажбуриятлар ва ресурсларни тортиб олиш орқали маблағи йиғиларди.
Шу билан бирга, бозорда эркин рақобат чекланди, импорт молларига тўсиқлар қўйилди. Амалда бу тизим фақат мансабдорларга яқин бўлган кичик гуруҳга фойда келтирди. Масалан, тадбиркор амалдорларни ишонтириши керак эди: «сақич заводи қураман, бутун дунёга маҳсулот етказаман», деган бизнес режа тайёрланарди. Шу орқали у инфляциядан паст кредит олиб, арзон курсда доллар сотиб олиб, хориждан эски ускуна олиб келарди.
Ҳақиқий қиймати 100 минг доллар бўлган ускунани расмий ҳисобда 1 миллион ёки 10 миллион доллар қилиб кўрсатиш мумкин эди. Бу орқали қисқа вақтда катта даромад топишнинг илғор йўли пайдо бўлди.
Натижада, иқтисодиётда юқори ўсиш суръатлари кўзга ташланмагандан кўра, имтиёзлардан фақат тор доира фойда кўрди. Бу эса мамлакатни узоқ муддатга иқтисодий қийинчиликлар ва камбағаллик сари етаклади.
Ўзбекистон қайси соҳада ривожланишни танлаш керак?
Ўзбекистоннинг қайси соҳаларга ихтисослашиши ёки аниқ қандай маҳсулот ишлаб чиқариши кераклигини олдиндан айтиш мушкул. Чунки дунёда талаб тез ўзгаради: бугун бир маҳсулот муҳим бўлса, эртага бошқаси керак бўлади.
Малакалар ҳам доимо янгиланиб боради. Масалан, агар мактаб дастурларида мантиқий ва ижодий фанларга эътибор оширилса, 10 йилдан кейин янги турдаги маҳсулотлар яратадиган авлод етишиб чиқиши мумкин. Ёки кучли дастурчилар вужудга келиши эҳтимолдан холи эмас.
Аммо 20 йилдан кейин қайси соҳа етакчи бўлишини ҳеч бир мамлакат олдиндан айта олмайди. Давлатнинг вазифаси — бозорнинг ўзига қарор қилиш имконини бериш. Сармоя қаерга киритилишини амалдорлар эмас, талаб ва ички имкониятлар белгилаши лозим.
Шу билан бирга, ҳозирнинг ўзида ҳам аниқ имкониятлар мавжуд. Масалан, қишлоқ хўжалиги. Ўзбекистон турли хил маҳсулотлар етиштиришга қодир. Лекин ҳозир ҳам нимани экиш ва қандай етиштиришни амалдорлар белгилаб бермоқда.
Агар бу жараён эркин қўйиб юборилса, турли озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш кенгайиши мумкин. Айни пайтда жаҳон бозорида сифатли, кимёвий моддалардан холи озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ортиб бормоқда. Бу — Ўзбекистон учун улкан имконият. Аммо ундан фойдаланиш учун аввало қишлоқ хўжалигидан амалдорларни бутунлай четлаштириш, фермерларга эркинлик бериш зарур.
Юсуповнинг таъкидлашича, бошқа соҳаларда ҳам худди шундай муаммо бор. Масалан, электромобиллар ишлаб чиқариш ташаббуси. Амалдорлар бу соҳани стратегик йўналиш сифатида танлаб, катта имтиёзлар тақдим этишди. Ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, иш ўринлари яратилди, аммо маҳсулот рақобатбардош эмаслиги аён бўлди. Хитой электромобиллари бозорда икки баробар арзон бўлди. Шунда ишлаб чиқарувчилар ҳимоя талаб қилиб, импортни чеклашни сўрай бошлашди.
«Аслида савол туғилади: нега айнан электромобил ишлаб чиқаришни танладик? Бу қарорни ким қабул қилди? Рақобатлаша оламизми ёки йўқми — буни бозор эмас, амалдорлар белгилаб қўйди», — дейди Юсупов.
Иқтисодчининг фикрича, бу каби ҳолатларда амалдорларни қарор қабул қилиш жараёнидан четлатиш зарур. Инвестиция қарорларини тадбиркорлар қабул қилиши, хорижий инвесторлар ўз технологиялари билан кириб келиши керак.
Балким, Ўзбекистон электромобил эмас, оддийроқ маҳсулот — масалан, жинси ишлаб чиқаришдан бошлаши керакдир. Жанубий Корея ёки Тайван ҳам бир пайтлар ишлаб чиқаришни ана шундай оддий товарлардан бошлаб, кейинчалик юқори технологияларга ўтган.
«Биз ҳам аввало оддийроқ, рақобатбардош соҳалардан бошлашимиз керак. Шунда бўшлиқни тўлдириб, вақт ўтиши билан мураккаброқ маҳсулотларга ўтамиз. Акс ҳолда, амалдорларнинг хоҳишига кўра, қоғоздаги режалар билан натижа бўлмайди», — дея таъкидлайди Юсупов.
Унинг фикрича, аҳолининг ижодкорлиги, хизмат кўрсатиш, туризм ва IT сектори ҳам улкан имкониятларга эга. Аммо бун учун асосий тамойил битта: барча соҳаларни хусусий қўлларга топшириш ва улар учун аниқ, адолатли «ўйин қоидалари» яратиш зарур.
«Ҳимоя қилиш эмас, яратиш. Шундай шароит яратиш керакки, тадбиркорлар ўзларини ўзи ҳимоя қила олишсин», — дейди иқтисодчи.
Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида сунъий статистика ва амалдорлар қарорлари иқтисодий ривожланишни чеклаб келган. Асосий сабаб — бозор тамойиллари эмас, юқоридан берилган кўрсатмалар асосида сиёсат юритилгани. Қозоғистон ва бошқа қўшни давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, ҳақиқий ўсиш учун тадбиркорликка эркинлик, адолатли қоидалар ва халқаро технологияларни жалб қилиш зарур. Фақат шундагина Ўзбекистон ҳақиқий иқтисодий тараққиётга эриша олади.
Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.