21 август куни Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида Алишер Навоий ёдгорлиги лойиҳасининг бошланишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов хабар берди. Маросимда шаҳар ҳокими, масъул идоралар раҳбарлари, Афғонистон шимолидаги ТИВ ваколатхонаси раҳбари ҳамда Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари қатнашган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Навоийнинг ҳайкалини бутунлай бузиб ташлагани юзасидан расмий изоҳ олганда, ҳайкал ўрнатилган жой буюк аллома хотирасига етарлича муносиб эмаслиги, шоир ва мутафаккир учун янада кўркам мажмуа қурилиши лозимлиги боис ёдгорлик маҳаллий ҳокимият томонидан олиб ташлангани, ушбу бузиш ишлари Афғонистон Маданият ва ахборот вазирлиги ҳамда кенг жамоатчилик билан келишилмагани алоҳида таъкидланиб, афғон тарафи ҳолат юзасидан таассуф билдирган эди.
Маълумот учун, 2023 йил феврал ойида ҳам Навоий ҳайкали бегона кишилар томонидан вайрон қилган эди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов ҳолатга муносабат билдириб, бу ишни «вандализм» деб атаганди.