Ўзбекистон Транспорт вазирлиги тендер бўйича ҳужжатлар топшириш муддати яна бир ойга чўзилганини маълум қилди. Шунингдек, изоҳ сўраш учун сўровларни 6 июнгача юбориш мумкин. Бу ҳақда вазирлик Telegram-каналида хабар берди.
Лойиҳа бўйича тендер Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Автомобил йўллари қўмитаси ҳамда PwC, Arup ва CMS Cameron консорциуми ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Тендерга аввалги чақирув январда бошланган эди.
Танлов икки босқичда ўтказилади: аввал компаниялар дастлабки саралаш учун ҳужжатлар топширади (RFQ), кейин эса саралашдан ўтганлар техник ва молиявий таклиф тақдим этади. Ғолиб компания 2026 йил апрелида аниқланиши режалаштирилган.
Лойиҳа 2019 йилдан бери муҳокама қилинаётган бўлиб, Камчиқ довонида янги тоннел ҳам қурилади. Трасса 6 йилда, уч босқичда қурилади: Тошкент–Ангрен (78 км), Ангрен–Поп (93 км) ва Поп–Андижон (143 км). Йўлдан ўтиш ҳақи 5–6 доллар атрофида бўлиши мумкинлиги айтилган.
Лойиҳанинг аввалги баҳоси 4,65 млрд АҚШ доллари бўлган бўлса, 2023 йил октябрда тақдим этилган қайта ҳисоб-китобга кўра, нархи 4,28 млрд доллар этиб белгиланган.