Шота Руставелидаги қурилиш: кўчада қандай янгиликлар қилинмоқда

23:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Шу кунларда Тошкент шаҳрининг машҳур Шота Руставели кўчасида мисли кўрилмаган қурилиш реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Мазкур кўчада Ўзбекистонда илк бор автобуслар учун йўл ўртасидан ажратилган йўлаклар барпо этилмоқда.

Shota

Шу йилнинг 1 июнидан бошланган қурилиш ишлари биринчи босқичда Миробод кўчаси билан кесишмадан Чоштепа кўчаси чорраҳасигача бўлган 6,5 км.лик участкада қизғин кетаяпти.
Қайд этиб ўтиш керакки, кўчадаги қурилиш ишларида хитойлик муҳандислар ҳам иштирок этмоқда. Улар асосан лойиҳага амал қилиниши назорат қилишади. Ишларнинг катта қисми эса маҳаллий мутахассислар ёрдамида амалга оширилмоқда.
Кўчанинг бутун узунлиги бўйлаб йўл қопламасини тўлиқ алмаштириш орқали автомобил йўли реконструкция қилинмоқда.

Тошкент шаҳар ҳкоимлиги ахборот хизмати раҳбари Гулноза Қосимованинг тушунтиришича, кўчада нафақат янги асфалт йўл ётқизилади, шу билан бирга, пиёдалар йўлаклари ҳам замонавийлаштирилмоқда, гранит ва экологик тоза тош қопламалари ётқизилмоқда. Имконияти чекланган шахслар учун қулайликлар яратилади: пандуслар, тактил плиткалар ва хавфсиз ўтиш жойлари каби. Бутун кўча бўйлаб пиёдалар йўлаклари бир текис бўлиши, кўчаларни кесган жойда ногиронлик аравачалари ва болалар коляскалари учун бирор тўсиқ бўлмаслигига эътибор қаратилган.

Шунингдек, кўча юзида жойлашган биноларнинг фасадлари ҳам таъмирланмоқда. Ўзбошимчалик билан қурилган қурилмалар, ёпиб олинган балконлар очилмоқда ва кўчанинг ягона меъморий қиёфаси шакллантирилмоқда. Янги кичик меъморий шакллар ўрнатилмоқда, қўшимча кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда, томчилатиб суғориш тизими жорий этилмоқда. Бутун кўча бўйлаб тротуаларни ёритиш яхшиланади. Бунинг учун аллақачон электр тармоқлари монтаж қилиниб, симлар тортиб бўлинган.
Кўчада муҳандислик тармоқлари, оқова ва дренаж тизимлари янгиланмоқда. Дренаж тизими ёпиқ бўлади ва бутун кўча бўлаб ажратилган велойўлак остига жойлашади.
Кўча бўйлаб иккита ер ости ўтиш жойи очилган ва замонавий бекат мажмуаларига мослаштирилмоқда.

Бу ишлар биргина Шота Руставели кўчаси билан чекланмайди. Бу Янги Сергели – Амир Темур кўчаси транспорт коридорининг бир қисми ҳисобланади. Бизга маълум қилишларича, замонавий тротуарлар эса Тошкент халқа йўлигача давом эттирилади.

Видеони Youtubeʼда томоша қилинг:
👉https://youtu.be/SXyHKY06Tmw

Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.

Оператор: Низомиддин Аҳмедов.