Озодбек Назарбеков яна рекламада кўриниш берди: вазир қонундан бехабарми?

09:29 | 3 дақиқада ўқилади.

Маданият вазири Озодбек Назарбеков хусусий университет реклама видеосида иштирок этди. Бу вазирнинг 2024 йилда ҳам эркаклар кийимлари дўкони рекламасида кўринганидан кейинги иккинчи ҳолат бўлиб, бу ҳаракат қонунчиликка зид ҳисобланади.

Ozodbek nazarbekov

Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков Kokand University хусусий университетининг реклама ролигида иштирок этди. Унинг ёшларга университетнинг Андижондаги филиалига ўқишга киришни тавсия қилган видеоси жорий йил 4 июл куни университетнинг расмий саҳифасида эълон қилинди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, мансабдор шахсларнинг бундай ҳолатга йўл қўйиши мумкин эмас. Хусусан, «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддасига кўра, товар давлат органлари ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан маъқулланганлигини кўрсатиш тақиқланади.

Шунингдек, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасига мувофиқ мансабдор шахсга педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланиш (қонунлар ҳамда президент қарорларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно), шунингдек, ўз хизмат ваколатларини жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан бирон-бир мукофот, фойда ёки совғалар олиш тақиқланган.

Қайд этиш керакки, Маданият вазири Озодбек Назарбеков 2024 йилда ҳам эркаклар кийимлари дўконининг рекламасида иштирок этган эди. Ўшанда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ушбу дўкон реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганини аниқлаган. Унга кўра, видеода маҳсулот давлат вакили томонидан маъқуллангандек таассурот пайдо бўлган. Дўконга 23,8 млн сўм жарима солинган, бироқ вазирнинг ўзи бунга алоқадор эмаслиги аниқланган: у реклама берувчи, ишлаб чиқарувчи ва тарқатувчи сифатида ишламаган.