Uzcard хусусий тўлов тизими 2025 йил январ-июн ойларида 621,6 млрд сўм соф фойда кўргани қайд этилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 53 фоиз кўп. Компания даромадлари эса 68,7 фоизга ўсиб, 953,3 млрд сўмга етган. Ягона умумреспублика процессинг маркази (Uzcard хусусий тўлов тизими) 2025 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича молиявий ҳисоботида эълон қилди.
Операцион фойда 636,4 млрд сўмни ташкил этиб, 59,7 фоизлик ўсишни кўрсатган. Ярим йиллик ҳисоботга кўра, компания 300 млрд сўмни дивиденд сифатида тўлаб, битта акция учун 6 000,14 сўм тақдим этган. Бу номинал қийматдан олти баравар кўпдир.
Тақсимланмаган фойда 730,5 млрд сўмга чиқиб, 2,8 баробар ўсган. Активлар қиймати ҳам жадал ошиб, қарийб 1 трлн сўмга яқинлашган. Бу рақамлар Uzcardнинг мамлакатдаги молиявий аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатади.
2022 йилда компаниянинг 75 фоиз давлат улуши 210,1 млрд сўмга сотилган эди. Ўшанда Uzcard 280 млрд сўмга баҳоланган. Бироқ ҳозирги молиявий натижаларга кўра, ярим йиллик соф фойда сотув нархидан деярли уч баробар юқори бўлиб чиқди.
Солиштириш учун, рақобатчи Humo 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида 124,3 млрд сўм соф фойда қайд этган эди. Бу ўтган йилга нисбатан 73 фоиз кўп бўлиб, асосан иккинчи чоракда тарифлар ошиши ҳисобига таъминланган.