Сурия иқтисодий инқироз ва чуқур қадрсизланишдан кейин миллий валютасига ишончни тиклаш учун янги банкноталар жорий этмоқда. Бу ҳақда Reuters нашри хабар берди. Сурия Марказий банки август ойида хусусий банкларга мазкур ислоҳот ҳақида маълум қилган. Бу қадам 14 йил давом этган уруш ва 2024 йил декабрида Башар Асад ҳокимиятдан четлатилгандан кейин рекорд даражада қадрсизланган фунтга туртки беришга қаратилган.
2011 йилда уруш бошлангач, Сурия фунти ўз қийматининг 99 фоиздан ортиғини йўқотган. Ҳозирги пайтда бир АҚШ доллари қарийб 10 минг фунтга тенг, урушдан аввал эса бу кўрсаткич 50 фунт атрофида бўлган. Валюта қадрсизланиши натижасида аҳоли кундалик савдоларда катта пакетларда банкнот ташишга мажбур бўлиб қолган. Энг йирик купюра — 5 минг фунт ҳисобланади ва у камида ярим килограмм оғирликка эга.
Reuters маълумотларига кўра, беш нафар тижорат банки ходими, Марказий банкнинг бир манбаси ва маҳаллий иқтисодий амалдор бу режани тасдиқлаган, аммо қарор расман эълон қилинмагани учун улар аноним қолишни сўраган. Валютани қайта баҳолаш учун қонунчиликда тасдиқ талаб этилиш-этилмаслиги ҳозирча номаълум.
Сурия сентябрда янги қонунчилик ассамблеяси учун сайловлар ўтказиши кутилмоқда. Шу билан бирга, маълумотларга кўра, Сурия Россиянинг давлатга қарашли «Гознаκ» пул босмахонаси билан янги банкноталарни босиб чиқариш бўйича келишувга эришган. Асад даврида ҳам мамлакат валютасини босган ушбу компания расмий изоҳ беришдан бош тортган.