2025 йилнинг II чорагида Ўзбекистон меҳнат бозорида қарама-қарши тенденциялар кузатилди. Тадбиркорлар бўш иш ўринлар сонини қарийб учдан бир ҳиссага кўпайтирган бўлса-да, онлайн иш қидирувчилар фаоллиги пасайган. Бу ҳақда Марказий банк эълон қилган «Меҳнат бозори шарҳи»да келтирилган.
Қайд этилишича, 2025 йилнинг апрел–июн ойларида бизнес субъектлари томонидан эълон қилинган бўш иш ўринлари сони ўтган чоракка нисбатан 28,7 фоизга ошган. Янги вакансияларнинг катта қисми савдо (19,4 фоиз), умумий овқатланиш (17,5 фоиз) ва ишлаб чиқариш (16,8 фоиз) тармоқларига тўғри келган.
Таъкидланишича, тажриба ва малака талаб этиладиган соҳаларда иш қидирувчиларнинг фаол меҳнат аризалари (резюмелари) ҳам кўпайган. Жумладан, савдо, хизмат кўрсатиш, маркетинг ва реклама йўналишларида фаоллик сезиларли ошган.
«Савдо, хизмат кўрсатиш, маркетинг ва реклама соҳаларида резюмелар сони сезиларли ошган», — дейилади шарҳда.
Умуман олганда, 2025 йил II чорагида вакансиялар сони иқтисодий фаоллик ва талаб ошиши ортидан кўпайган. Бироқ иш қидирувчилар фаоллигининг пасайиши меҳнат бозорида номутаносибликка ишора қилмоқда. Яъни, бизнес малака ва махсус кўникмаларга эга ходимларга эҳтиёж сезмоқда, аммо иш қидирувчиларнинг кўпчилиги бу талабларга мос келмаяпти.
Марказий банк келгусида иш ўринлари сонини оширишни кутаётган тадбиркорлар улуши пасайишини тахмин қилмоқда.
II чоракда иш ўринларини ўзгаришсиз сақлашни режалаштирган тадбиркорлар улуши 56,4 фоиздан 61,2 фоизга ошган. Бу бизнес талаб ўсиши давом этишини, аммо суръати секинлашишини англатади. Қисқа муддатда иқтисодий ўсиш ва ишсизликнинг пасайиши кутилса-да, талаб томонидан нархларга босим ортиши мумкин. Шу билан бирга, иш ўринларини кўпайтиришни кутганлар улуши, айниқса саноат ва хизматлар соҳаларида, пасайишда давом этмоқда.