Озарбойжон давлат нефт компанияси SOCAR Ўзбекистонда нефт конини ўзлаштиришга киришди ва тегишли шартнома имзоланди. Бу ҳақда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Туркманистон, Озарбойжон ва Ўзбекистон ўртасидаги юқори даражадаги уч томонлама учрашувда маълум қилди.
«Келгуси бир-икки йил ичида улар бизга қувончли хабар етказишларига умид қиламан. Барчамиз Ўзбекистонда йирик нефт кони очилиши ҳақидаги янгиликларни сабрсизлик билан кутмоқдамиз», — деб таъкидлади.
Шунингдек, Алиев уч давлатнинг геостратегик аҳамиятига ҳам тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Озарбойжон, Туркманистон ва Ўзбекистон Шарқни Ғарб, Шимолни эса Жануб билан боғлайдиган муҳим ўринда жойлашган.
«Озарбойжон, Туркманистон ва Ўзбекистон Шарқни Ғарб билан, Шимолни Жануб билан боғловчи муҳим геостратегик мавқега эга. Мамлакатларимиз олдида транспорт-транзит ҳамкорлиги соҳасида янги вазифалар ва имкониятлар пайдо бўлмоқда… Бугун ҳурматли биродарим Гурбангули Мяликгулиевич билан Ўрта коридор, портлар ва темир йўлларни кенгайтириш масалаларини батафсил муҳокама қилдик. Худди шу масалаларни Шавкат Миромонович билан ҳам сўнгги учрашувимизда кўриб чиққан эдик. Уч давлатнинг транспорт, транзит ва логистика соҳаларидаги ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари нафақат мамлакатларимиз, балки бутун минтақа учун ҳам катта аҳамият касб этади», — деб таъкидлади.