Жиззахнинг иккита туманига янги ҳокимлар тайинланди

20:42 | 4 дақиқада ўқилади.

Шароф Рашидов туманинг собиқ ҳокими «пора » билан ҳибсга олинган эди.

Kollaj

Бугун, 22 август куни Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди ва унда туманга янги раҳбар тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, сессия ишида Асилбек Раҳмонович Ашуров номзоди вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев томонидан Шароф Рашидов тумани ҳокими лавозимига тавсия этган. Унинг номзоди депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланган.

Маълумот учун, Асилбек Ашуров 2022 йилдан буён Пахтакор тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманининг собиқ ҳокими Маҳмуд Холбўтаев 8 июл куни ҳибсга олинган эди. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси — «Пора олиш» бўйича жиноят иши қўзғатилган.Бироқ ҳибсга олинган бўлишига қарамай, ҳоким номидан пул ажратишга оид 5 та қарор чиқарилгани аниқланганди.

Ҳолат юзасидан Жиззах вилояти прокуратураси расмий муносабат билдириб, Шароф Рашидов тумани прокуратураси терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бораётганини маълум қилган.

Шунингдек, бугун, 22 август куни Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида ҳам Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди ва унда туманга янги ҳоким тайинланди.

Сессия ишида Ҳусан Бўлтакович Абдувоҳидов номзоди вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев томонидан депутатларга таништирилган. Шундан сўнг, вилоят раҳбарининг уни туман ҳокими вазифасини бажарувчиси этиб тайинлаш тўғрисидаги қарори депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланган.

Маълумот учун, Ҳусан Абдувоҳидов янги лавозимга тайинлангунга қадар 2023 йилдан буён Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан амалга оширилаётган лойиҳада молиявий масалалар бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлаб келган.