Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сони 6 млндан ошиб, 49 фоизлик ўсиш қайд этилди

08:00 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг дастлабки етти ойида Ўзбекистонга 6,3 млн нафар хорижий фуқаро ташриф буюрди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан деярли 49 фоизга кўп.

Registan tourists

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2024 йилнинг январ–июл ойларида мамлакатга келган сайёҳлар сони 4,2 миллион кишини ташкил этган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 2,1 миллионга ошган.

Сайёҳларнинг аксарияти қўшни давлатлардан келган. Жумладан, Қирғизистондан — 1 млн 846 минг, Қозоғистондан — 1 млн 466 минг, Тожикистондан — 1 млн 441 минг фуқаро Ўзбекистонга ташриф буюрган. Россиядан келганлар сони 536 минг 849 нафарни ташкил этган.

Афғонистондан 267 минг 485, Туркманистондан 208 минг 864, Хитойдан 103 минг 158 ва Туркиядан 96 минг 492 киши келган. Шунингдек, Ҳиндистондан — 38 минг, Жанубий Кореядан — 25 минг ва бошқа давлатлардан келган 289 минг нафар сайёҳ қайд этилган.

Туризм соҳаси мутахассисларига кўра, мазкур ўсиш мамлакатдаги ҳудудий авиация ва темир йўл алоқаларининг яхшиланиши, электрон виза тизими ва виза режимининг либераллашуви, шунингдек, халқаро кўргазмалар ва туризм форумларида фаол қатнашиш орқали юзага келган.

Туризмнинг бу даражада ўсиши иқтисодиётнинг турли тармоқларига, жумладан меҳмонхона, транспорт ва умумий овқатланиш соҳаларига ижобий таъсир кўрсатиши таъкидланмоқда.

Ташриф мақсадлари бўйича эса меҳмонлар қуйидаги йўналишларда келган:

  • қариндошларни зиёрат қилиш — 4 млн 338 минг 164 нафар

  • саёҳат — 949 минг 933 нафар

  • хизмат сафари — 710 минг 303 нафар

  • тижорат — 255 минг 136 нафар

  • даволаниш — 54 минг 882 нафар

  • ўқиш — 10 минг 701 нафар