Россия Сербияга газ етказиб бермоқчи

20.05.2025 10:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Россия ва Сербия 2025 йил 31 майгача узоқ муддатли газ етказиб бериш шартномасини имзолашни режалаштирмоқда.

Rossiya serbiya gaz

«Сербиягаз» компанияси раҳбари Душан Баятовичнинг маълум қилишича, келишув 3 йилдан 10 йилгача бўлган муддатни қамраб олиши мумкин. Унга кўра, Россия ҳар йили Сербияга 2,5 млрд куб метр газ етказиб беради. Бу ҳажмнинг 8 млн куб метри кунлик асосий таъминот бўлиб, яна 4 млн куб метри эҳтиёжга қараб қўшимча равишда етказилади.

Баятовичнинг таъкидлашича, газ нархи нефтга боғлиқ формула асосида ҳисобланади. Шартномада форс-мажор ҳолатларини ҳисобга олиш ва хавфларни бошқариш механизмлари ҳам кўзда тутилмоқда.

Сербия президенти Александр Вучич 9 май куни Москвада Россия президенти Владимир Путин билан учрашиб, янги шартнома масаласини муҳокама қилган. Вучич Россия газининг Сербия учун стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидлаган.

Сербия Россиядан ташқарида ҳам газ манбаларини диверсификация қилишга ҳаракат қилмоқда. Жумладан, Озарбайжондан 2 млн куб метр ва Венгриядан 2-3 млн куб метр газни кунлик импорт қилиш режалаштирилган.

Европа Иттифоқи 2027 йилгача Россия газига боғлиқликни тўлиқ бартараф этишни мақсад қилган.