Марказий банкнинг таҳлилларига кўра, жорий йил апрел–июн ойларида мамлакатда таклиф қилинган бўш иш ўринлари сони олдинги чоракдагидан 28,7 фоизга кўпайган. Энг кўп вакансиялар савдо (19,4 фоиз), умумий овқатланиш (17,5 фоиз) ва ишлаб чиқариш (16,8 фоиз) соҳаларида қайд этилди.
Бироқ иш ўринлари кўпайишига қарамай, онлайн иш излаш фаолияти сезиларли равишда пасайган. Бу эса меҳнат бозорида талаб ва таклиф ўртасидаги номутаносибликларни кўрсатмоқда. Савдо, хизмат кўрсатиш ва маркетинг йўналишида резюмелар сони ошган бўлса-да, умумий динамика йиллар давомида пасайиш тенденциясини намоён қилмоқда.
Сўров натижаларига кўра, тадбиркорлар орасида яқин уч ойда янги иш ўринлари яратишни режалаштираётганлар улуши пасайди. I чоракда бу кўрсаткич 36,3 фоизни ташкил этган бўлса, II чоракда 30,2 фоизга тушди. Саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида бундай пасайиш айниқса яққол кўринган.
Шу билан бирга, иш ўринларини мавжуд ҳолатда сақлаб қолишни режалаштирган тадбиркорлар улуши ўсиб, 61,2 фоизга етди. Бу кўплаб компаниялар кенгайишдан кўра мавжуд ҳолатни барқарор сақлашни маъқул кўраётганини англатади.
Маълумотларга кўра, II чоракда иш ҳақининг номинал ўсиши 17,2 фоизни, реал ўсиши эса 7,3 фоизни ташкил этди. Ўртача ойлик иш ҳақи тахминан 6 миллион сўмга етди. Молия ва суғурта соҳасида иш ҳақи энг юқори — ўртача 16,3 миллион сўм, ахборот ва коммуникация соҳасида эса 14,8 миллион сўм бўлди. Энг паст ўсиш қурилиш соҳасида кузатилди, бу ерда иш ҳақи реал кўрсаткичда 2,8 фоизга пасайди.
2025 йил 1 июл ҳолатига кўра, Ўзбекистон иқтисодиётида 14,6 миллион киши иш билан банд. Шу билан бирга, 800 минг киши ишсиз сифатида қайд этилган, меҳнат бозорига кирмаган аҳоли сони эса 22,5 миллион нафарга тенг.