Сўнгги чоракларда Ўзбекистонда реал иш ҳақининг ўсиши минтақадаги давлатлар билан солиштирганда нисбатан пастроқ шаклланмоқда. Бу ҳақда Марказий банк эълон қилган «Меҳнат бозори шарҳи»да келтирилган.
Унгга кўра, жорий йилнинг январ-март ойлари давомида Марказий Осиё давлатларида реал иш ҳақининг ўртача ўсиши 9,8 фоизни, айрим Кавказ давлатларини ҳисобга олганда эса 9,1 фоизни ташкил этган.
«Иқтисоди ўхшаш мамлакатларга нисбатан мазкур тафовутнинг узоқ муддат сақланиб қолиши келгусида Ўзбекистон меҳнат бозори иштирокчиларининг харид қобилияти пасайишига ва талабнинг сусайишига олиб келади», — дейилади шарҳда.
2025 йилнинг II чорагида Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 91 АҚШ долларини ташкил этган. Энг юқори минимал иш ҳақи миқдори эса Белорус (243 АҚШ доллари), Озарбайжон (235 АҚШ доллари) ва Монголия (222 АҚШ доллари) давлатларига тўғри келади.
Ўзбекистонда йиллик минимал иш ҳақининг аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажмига нисбати 35 фоизга тенг бўлди. Ушбу кўрсаткичнинг юқорироқлиги мамлакатда даромадлар бошқа давлатларга нисбатан тенгроқ тақсимланганлигини кўрсатса, нисбатнинг пастлиги аксинча даромадларнинг нотекис тақсимланганлигидан далолат беради.
Минтақа давлатлари орасида Қозоғистон (14 фоиз), Қирғизистон (14 фоиз) ва Грузия (12 фоиз) давлатларини ҳисобга олмаганда, бошқа давлатлар, жумладан Ўзбекистоннинг ушбу кўрсаткичлари юқорироқ ва бир-бирига яқин шаклланган.