Ўзбекистон ва Туркманистон ўзаро авиақатновни тикламоқчи

15:00 | 3 дақиқада ўқилади.

22 август куни Аваза шаҳридаги уч томонлама учрашув доирасида икки давлат расмийлари фуқаро авиацияси соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича протокол имзолади.

Ilhom mahkamov1

Ўзбекистон ва Туркманистон тўғридан тўғри авиақатновларни қайта йўлга қўйиш масаласида келишувга эришди. Бу ҳақда Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов «Oʻzbekiston 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

«Айни пайтда Ўзбекистондан Туркманистонга тўғридан тўғри рейслар мавжуд эмас. Бугун биз тегишли ҳужжатни имзоладик ва яқин вақтларда ушбу йўналиш бўйича парвозларни йўлга қўйиш имконияти пайдо бўлади», — деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, 22 август куни Аваза шаҳрида ўтказилган юқори даражадаги уч томонлама учрашув натижалари бўйича Илҳом Маҳкамов ва «Туркманҳавойўллари» давлат хизмати раҳбари Даврон Сабуров фуқаро авиацияси соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ҳақидаги баённомани имзолаган.

Аввалроқ, 2017 йил ёзда Туркманистон авиакомпанияси Ашхобод—Тошкент—Ашхобод йўналишида парвозларни йўлга қўйишни режалаштирган эди. Ўшанда «Uzbekistan airways» ва туркман томони хизмат кўрсатиш ва Тошкент халқаро аэропортида борт таомлари билан таъминлаш бўйича шартномалар тузган.

2021 йилда эса Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ҳамда Туркманистон бош вазири ўринбосари Эсанмурат Ўразгелдиев икки мамлакат транспорт вазирликлари авиақатновларни қайта тиклаш юзасидан музокаралар олиб боришини келишиб олган эди.